Жаҳон | 09:31 / 23.04.2020
3508
2 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири ЖССТ ходимларига кенгроқ ваколатлар беришга чақирди

Австралия бош вазири Скотт Моррисон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ислоҳ қилишга ва унинг ходимларига кенгроқ ваколатлар беришга чақирди. 

Фото: REUTERS

Моррисон Sky News телеканалига берган интервьюсида унинг фикрича, ЖССТнинг келгусида касалликлар авж олишига қарши курашдаги салоҳиятини кучайтириш учун унинг мутахассислари “БМТнинг қуролланиш бўйича инспекторлари” каби ваколатлар олишлари керак.

“Агар бизда минглаб ва ҳаттоки юз минглаб ҳаётларни сақлаб қолиш имкони бўлса, биз уни амалга оширишимиз лозим”, деб айтган Австралия бош вазири.

Унинг таъкидлашича, қуролланиш бўйича инспекторлардек ваколатларга эга бўлиш ЖССТ ходимларига давлатлар ҳудудларига касалликлар манбасини аниқлаш учун ҳеч қандай таклифсиз кириш ва касалликларни кузатиш ҳамда уларга қарши курашиш учун муҳим аҳамиятга эга маълумотни қўлга киритиш имконини беради.

Моррисон ҳозир дунёга коронавирус авж олиши вақтида нима юз берганини тушунишга имкон берувчи шаффоф ва мустақил жараён зарурлигини таъкидлаб ўтган. “Бу вирус бошидан юқори пандемик салоҳиятга эга бўлган ва шу сабабли биз иложи борича тезроқ унинг тарқалиши билан боғлиқ барча жиҳатларни тушунишимиз лозим”, деб қўшимча қилган Австралия бош вазири. 

Айни вақтда “яшил қитъа”да коронавирусга чалинганлар сони 6659 нафарни ташкил қилмоқда. Вирусдан 75 киши вафот этган. Охирги кун ичида қитъада 12 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган ва бу 9 мартдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Мавзуга оид