Ўзбекистон | 07:53 / 24.04.2020
7242
3 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида сув таъминоти бўйича бир кунлик тушум 10 баробарга камайган

Карантин эълон қилинган кунга қадар кўрсатилган ичимлик ва оқава сув хизматлари учун республика бўйича ўртача бир кунлик тушум 3,1 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 10 баробарга камайиб, 0,3 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб коронавирусга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича жорий этилган карантин даврида республикадаги барча ижтимоий аҳамиятга эга бўлган корхона ва ташкилотлар сингари сув таъминоти корхоналари хам кучайтирилган иш режимига ўтказилган ҳолда фаолият юритишмоқда, деб ёзади Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Билдирилишича, ҳукумат томонидан карантин шароитида истеъмолчиларга енгилликлар яратиш мақсадида, кўрсатилган ичимлик ва оқава сув таъминоти хизматлари учун ўз вақтида амалга оширилмаган тўловларга нисбатан пенялар ҳисобланмаслик, қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритмаслик ҳамда истеъмолчиларни тармоқлардан узиб қуймаслик бўйича мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

“Мамлакатимизда жорий қилинган карантин даврида аксарият корхоналар, ташкилотлар ва бюджет муассасалари фаолиятининг вақтинча тўхтатилганлиги ҳамда аҳолининг ўз уйларида ўзини ўзи изоляциялаш тартибининг жорий қилинганлиги юридик ташкилотларнинг сув истеъмоли камайишига ҳамда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ошишига олиб келди.

Карантин эълон қилинган кунга қадар кўрсатилган ичимлик ва оқава сув хизматлари учун республика бўйича ўртача бир кунлик тушум 3,1 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 10 баробарга камайиб, 0,3 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

Бу каби ҳолатлар ўз навбатида, сув таъминоти корхоналарининг карантин даврида молиявий барқарор фаолият юритишларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатган ҳолда, корхона ходимларининг иш ҳақи тўловлари, сувни тозалаш учун керакли бўлган кимёвий реагентларни харид қилиш, Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган кредитларни қайтариш, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалар олдидаги тўловлар, электр-энергияси ҳамда юзага келган авариявий ҳолатларни бартараф этиш учун зарурий материаллар, ёқилғи мойлаш маҳсулотларини харид қилиш билан боғлиқ биринчи даражали тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмаслигига олиб келмоқда.

Шу муносабат билан, карантин шароитида сув таъминоти корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувини олдини олиш, эпидемия оқибатларини юмшатиш мақсадида, Молия вазирлиги ташаббуси билан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда сув таъминоти корхоналарининг биринчи даражалари тўловлари учун талаб қилинадиган маблағлар миқдори ўрганиб чиқилди ҳамда карантин даврида сув таъминоти соҳасини Давлат томонидан молиявий қўллаб қувватлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритилди”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда сув таъминоти корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан билдирилган таклифларига асосан, бош вазирнинг махсус топшириғи асосида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 61,4 млрд. сўм маблағлар сув таъминоти корхоналарининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда биринчи даражали харажатларини (кимёвий реагентлар, ёқилғи мойлаш материаллари) қоплаш учун фоизсиз ссуда сифатида ажратилди.

Мавзуга оид