Жамият | 14:50 / 25.04.2020
13065
2 дақиқада ўқилади

Карантинда оилавий келишмовчиликлар ортиб боряпти деган фикр нотўғри - вазирлик

 Карантин даврида оилавий келишмовчиликлар ортиб боряпти, деган нуқтаи назар нотўғри. Аксинча, ушбу синовли кунлар оилалар, маҳаллаларда меҳр-оқибатни қайтарди, ҳамжиҳатлик, ўзаро дахлдорлик ҳисси ортди, дейди Саодат Боймирзаева.

Фото: KUN.UZ

 Бугун, 25 апрель куни АОКА штабида бўлган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева ажралишлар ҳолатига оид статистик маълумотларни берди.

 Йил бошидан 7 857 оилавий ажралишлар рўйхатга олинди. 2020 йилда жами 49 811 та никоҳ ва 7 857 та ажралиш қайд этилган. Қайд этилган никоҳга нисбати (коэффициенти)  –  15,8 фоиз. 2019 йилнинг мос даврига (8 019 та) нисбатан 162 тага камайган.

 Энг салбий кўрсаткичлар Тошкент шаҳри (31,1 фоиз), Сирдарё (25,6 фоиз), Навоий (22,7 фоиз), Андижон (21,2 фоиз) ва Тошкент (20,2 фоиз) вилоятларига тўғри келмоқда. Ажримлар сабаби: оилавий келишмовчилик (50,5 фоиз), фарзандсизлик (16,3 фоиз), узоқ вақт бирга оила бўлиб яшамаслик (10 фоиз), миграция (2,8 фоиз), хиёнат (3,4 фоиз), бошқа сабаблар (17,0 фоиз)”, - деди Саодат Боймирзаева.

 Матбуот котиби карантин даврида оилавий келишмовчиликлар ортиб боряпти деган фикр нотўғри эканини таъкидлади.

 “Карантин даврида оилавий келишмовчиликлар ортиб боряпти, деган нуқтайи назар нотўғри. Аксинча, ушбу синовли кунлар оилалар, маҳаллаларда меҳр-оқибатни қайтарди, ҳамжиҳатлик, ўзаро дахлдорлик ҳисси ортди.

 Қолаверса, биз ўзбек халқида оғир кунларда бир бирини суяш, кечириш фазилати устувор. Қанча оилалар бизнинг жанжалимиз уйимиздан, юртимиздан баракани қочирмасин, оғир кунларни узайтирмасин деб ярашиб кетаётганига ўзимиз гувоҳмиз.

 Қандай вазият ва ҳолат бўлмасин, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган ишларни ҳеч қачон эътибордан четда қолдирмайди”, - деди Боймирзаева.

Мавзуга оид