Жаҳон | 15:23 / 25.04.2020
29067
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк губернатори коронавирус штатга қаердан кириб келганини маълум қилди

Эндрю Куомонинг сўзларига кўра, ўтган икки ой ичида Европадан Нью-Йорк ва Нью-Жерси аэропортларига 2,2 млн киши учиб келган, уларнинг аксарияти вирус ташувчиси бўлгани эҳтимоли катта.

Фото: Getty Images

Нью-Йорк штатига коронавирус Хитойдан эмас, Европа мамлакатларидан кириб келган, деб маълум қилди штат губернатори Эндрю Куомо.

У АҚШ Шимоли-шарқий университети тадқиқотлари натижаларини эълон қилди. Куомонинг сўзларига кўра, штатда коронавирус тарқалиши манбаи Италия бўлган.

Губернатор Трамп 2 февралда Хитойдан киришга тақиқ жорий этганини, аммо Европадан киришга тақиқ фақат мартда, вирус Қўшма Штатларда кенг тарқалганидан кейингина жорий этилганини эслатди.

"Биз Хитой учун кириш эшигини ёпдик, бу тўғри бўлди. Аммо орқа эшикни очиқ қолдирдик, чунки биз Хитойга тақиқларни киритган пайтимизда вирус аллақачон Хитойдан ташқарига учиб кетганди", - деди Куомо.

Унинг сўзларига кўра, ўтган икки ой ичида Европадан Нью-Йорк ва Нью-Жерси аэропортларига 2,2 млн киши учиб келган, уларнинг аксарияти вирус ташувчиси бўлгани эҳтимоли катта.

"Биз Хитойда касаллик авж олганидан икки ой кейин ҳаракатга келдик. Бу пайтга келиб "от отхонани тарк этиб бўлганди", - деди губернатор.

Мавзуга оид