Жаҳон | 11:50 / 26.04.2020
11703
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Эроннинг илк ҳарбий сунъий йўлдоши разведка маълумотлари жўната олишига шубҳа билдирди

Эрон томонидан фазога учирилган ҳарбий сунъий йўлдош муҳим ҳарбий маълумотлар тақдим қила олиши даргумон. Бундай фикрни АҚШ коинот кучлари қўмондони генерал Жон Реймонд билдирди.

Фото: AFP

Унинг таъкидлашича, АҚШ коинот кучлари Эроннинг биринчи ҳарбий сунъий йўлдоши - “Нур”нинг учирилиши билан боғлиқ иккита жисм – CubeSat стандартидаги сунъий йўлдошнинг ўзи ва уни фазога олиб чиққан “Қосид” ракетаси поғонаси ортидан кузатув олиб бормоқда.

“Эрон сунъий йўлдош суратлар юборишини таъкидламоқда. Аслида эса бу коинотда лапанглаётган веб-камерагина, холос. У разведка маълумотлари жўната олиши даргумон”, деб ёзган Реймонд твиттерда.

Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 22 апрелда Эроннинг биринчи ҳарбий сунъий йўлдошини орбитага чиқарганди. Бундан аввалроқ Эроннинг бундай уринишлари бесамар якунланган. 

Корпус қўмондони Ҳусайн Саломийнинг айтишича, ҳарбий сунъий йўлдошнинг борлиги Эронга стратегик муҳим ахборотни олиш имконини беради. Унинг таъкидлашича, сунъий йўлдошнинг барча техник қисмлари ва фазога етказиш воситалари хорижий ёрдамсиз ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид