Иқтисодиёт | 23:47 / 27.04.2020
36492
4 дақиқада ўқилади

Карантин шароитида бизнесга берилган енгилликлар: тадбиркорлар кўпроғини кутмоқда

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган карантин чоралари иқтисодиётнинг баъзи соҳалари учун енгиллаштирилди. Аммо улар синхрон тарзда амалга оширилмаса, фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлиши мумкин.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси саноат, инфратузилма, транспорт ва логистика субъектларининг барқарор фаолият юритишини, тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ўртасида ишсизлик ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш учун иқтисодиётнинг қатор йўналишлари фаолиятига рухсат берди ва карантин чораларини енгиллаштириш ҳақида қарор қабул қилди.

Хусусан, қурилиш материаллари бозорлари, шу жумладан, қурилиш материалларининг чакана ва улгуржи савдоси билан шуғулланувчилар, йирик ишлаб чиқарувчи субъектларнинг ўз маҳсулотларини сотишга мўлжалланган дўконлари, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорларга ва бошқа бир қатор соҳаларга фаолиятини давом эттириш учун рухсат берилди.

Коронавирус эпидемияси шароитида бу корхоналар ва тадбиркорларга фаолияти давомида санитария-эпидемология талабларига риоя қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Бироқ, карантин чораларининг бундай тарзда енгиллаштирилиши бу соҳа вакиллари фаолиятини тўлиқ тиклаб олиши учун етарли эмаслиги, баъзи ҳолларда фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлиши мумкинлиги ойдинлашмоқда. Турли вилоятларда истиқомат қилувчи айрим тадбиркорлар таҳририятга мурожаат йўллаб, шу ҳақдаги хавотирларини билдиришган.

Жорий шароитларда уларни қандай муаммолар қийнамоқда ва тадбиркорлар нималарни исташмоқда? Келинг, мурожаатларда баён этилган фикрлар ва талабларга эътибор қаратамиз.

1. Транспорт билан боғлиқ муаммолар

Аввало, тадбиркорларга ўз иш жойлари — дўконларига етиб бориш муаммо бўлиб турибди. Қурилиш материаллари ёки автомобиллар эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи бозорларнинг кўпчилиги шаҳарлар чеккасида, ҳатто чегарасидан ташқарида жойлашган. Тадбиркорларнинг ҳаммасида ҳам шахсий транспорт йўқ, борлари эса рухсатнома олишига тўғри келади.

Бундан ташқари, аҳолининг уйдан чиқиши чекланган ва жамоат транспортига чеклов қўйилган шароитда дўконнинг эшигини очиб ўтиришдан қандай наф бўлиши мумкин? Уй-жойларни қуриш ва таъмирлаш билан шуғулланадиган усталар ишсиз ўтиришибди. Транспорт воситаларини таъмирлаш устахоналари эса карантин туфайли ёпилган.

2. Солиқ ва ижара тўловлари билан боғлиқ муаммолар

Табиийки, фаолиятига рухсат берилаётган соҳалар учун солиқларни ҳисоблаш жараёни ҳам тикланади. Бундан ташқари, ижара тўловлари ҳам талаб қилина бошлайди (баъзи жойларда ижара тўловлари ҳатто тўхтатилмаган). Бозорда савдо қилаётганлардан эса шартномага мувофиқ кундалик йиғим ҳам ундирилади. Аммо мижозлар оқимининг кескин пасайиши ва савдо тушумининг кескин камайиши шароитида тадбиркорлар бундай харажатларни кўтара оладиларми? Гап ҳатто бизнеснинг «ҳаёт ва мамот» масаласига бориб тақалиши мумкин.

3. Тўловга қобил талабнинг пасайиши

Ўзбекистон ҳукумати карантин шароитида аҳолига пул тарқатиш амалиётини қўлламади. Натижада, аҳолининг тўловга қобил талаби кескин пасайди. Бу эса биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган товарлар (озиқ-овқат, дори-дармон) савдосидан ташқари барча соҳадаги тадбиркорларга зарба бўлди, уларнинг товарлари ва хизматларига бўлган талаб кескин даражада пасаяди. Қурилиш материаллари ва автомобил эҳтиёт қисмлари савдоси шулар қаторида.

Бу соҳаларда ҳатто етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш ҳам маънога эга бўлмаслиги мумкин. Чунки, усталар, таъмирловчилар фаолиятини давом эттиришига ҳали рухсат берилмади.

Карантин шароитида бизнеснинг баъзи соҳаларига енгиллик берилгани қувонарли ҳол. Аммо муаммолар ва хатарлар ҳамон сақланиб турибди. Чунки чекловлар синхрон равишда олиб ташланмаяпти. Баъзи соҳаларга берилган енгилликлар ўз самарасини бериши учун бошқа соҳалардан ҳам чекловлар олиб ташланиши лозим. Пандемия билан боғлиқ бўлган мураккаб шароитда ҳаммага маъқул ечимни топиш, «сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик» талаб қилинади.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид