Ўзбекистон | 19:03 / 01.05.2020
91411
2 дақиқада ўқилади

Сардоба сув омбори тўғони бузилишига кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлгани маълум қилинди

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонидан сув чиқишига, мутахассисларнинг фикрича, кечаси ёғган кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалидаги янгиликлар дастурида маълум қилинди.

Видеодан кадр

Дастурда воқеа жойига зудлик билан етиб борган президент Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли билан мулоқоти ҳам кўрсатилди.

«Бу ҳам бир синов. Ҳеч ким кутмаган синов», деган давлат раҳбари.

«Ҳозир одамларни йиғиб, вақтинчаликка ҳамма шароитини яратиб берамиз. Вақтинча яшайдиган жой қилишимиз керак. Ҳамма куч ва воситаларни шунга сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча менинг бошчилигимда бирорта раҳбар ҳеч қаерга қимирламаймиз», – дея қайд этган Шавкат Мирзиёев.

Президент 2020 йил синовли йил бўлаётганини таъкидлаган.

«Энг катта нарса – ўзларингни қўлга олишларинг керак. Бу – ҳеч ким кутмаган фалокат. 2020 йил оғир келди. Бу пандемия ҳам бир бало бўлди. Мана шу оғирликни елкамизга олиб, сабр билан чидашимиз керак. Ҳозир хато қилишга ҳаққимиз йўқ», – деган Мирзиёев.

Давлат раҳбари фавқулодда вазият рўй берган ҳудудда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев вертолётда бориб, «Сардоба» тўғонининг сув чиққан қисмини кўздан кечирган. Ҳукумат комиссияси ва мутасадди раҳбарларга тўғоннинг мазкур қисмини тиклаш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшимча топшириқлар берган.

  • Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 5:55да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келди. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Ушбу ҳодисадан асосан экин майдонларига жиддий зарар етган.
  • Ҳодиса оқибатида минглаб кишилар қўшни ҳудудларга, жумладан, Жиззах вилоятига эвакуация қилинди.

Мавзуга оид