Жаҳон | 20:08 / 02.05.2020
19389
2 дақиқада ўқилади

КХДР марказий телевидениеси Ким Чен Ин иштирокидаги видеолавҳани намойиш этди

Бу 11 апрелдан буён оммага кўриниш бермаётган мамлакат раҳбари тасвирланган илк видеолавҳадир.  

Фото: Shutterstock

КХДР марказий телевидениеси давлат кенгаши раиси Ким Чен Иннинг 1 май куни бўлиб ўтган Сунчхондаги ўғит ишлаб чиқариш заводининг очилиш маросимида қатнашгани тўғрисидаги репортажни намойиш этди

Бу 11 апрелдан буён оммага кўриниш бермаётган мамлакат раҳбари тасвирланган илк видеолавҳадир.  

Репортажда очилиш маросимининг асосий лаҳзалари акс этган. Хусусан, Ким Чен Ин корхона иш бошлашини билдириб, қизил тасмани қирққан. Кўринишидан у тетик ва хурсанд бўлиб, тез-тез жилмайган ва атрофидаги мансабдорларга турли кўрсатмалар берган.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг Yonhap News агентлиги Шимолий Корея етакчиси 20 кун ичида илк марта омма олдида кўриниш бергани ҳақида хабар қилганди.

Ким Чен Ин 11 апрелдан буён кўриниш бермаётган ва ҳатто 15 апрель куни мамлакатдаги асосий байрам ҳисобланган бобосининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбирда ҳам қатнашмаганди. Шундан сўнг, унинг оғир операцияни бошдан кечиргани, аҳволи оғирлиги ва гўёки ўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

АҚШ нашрлари мамлакат разведкаси Ким Чен Ин атрофидаги воқеаларни жиддий кузатаётгани ҳақида ёзганди. Ўз навбатида Дональд Трамп Ким Чен Ин билан «ҳаммаси жойида эканини» айтиб ҳозирча бу ҳақда гапирмаслигини маълум қилганди.

36 ёшли Ким Чен Ин мамлакатни 2011 йилдан буён бошқариб келади. У партия раислигига отасининг вафотидан сўнг келган ва мамлакатни бошқараётган сулоланинг учинчи вакили ҳисобланади.

Мавзуга оид