Ўзбекистон | 13:46 / 02.05.2020
22086
2 дақиқада ўқилади

Мактаб раҳбарияти карантин даврида синфларни таъмирлашни талаб қилиши тўғрими?

Бугун, 2 май куни АОКАда таълим соҳасидаги сўнгги янгиликларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов фуқаролардан келган саволларга жавоб берди.

Мактаб раҳбарияти карантин даврида синфларни таъмирлашни талаб қилди, бу тўғрими?

“Савол ким берганига боғлиқ. Ўқитувчилардан талаб қилинаётган бўлса, албатта, бу нотўғри.

Лекин ҳозир карантин вақтида қурилиш ишларига рухсат берилган. Мактабда ўқитувчилар ва ўқувчилар йўқ. Пайтдан фойдаланган ҳолда қурилиш ва таъмирлаш ишларини санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширса бўлади”, - деди Шерматов.

Мактабни олтин медалга битираётган ўқувчиларга имтиёзлар бериладими?

“Йўқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги 154-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган. Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори.

Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборат”, - деди Шерматов.

Мавзуга оид