Президентнинг коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир қарори қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга биноан, фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ерларни фойдаланишга киритиш, уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига имтиёзли шартлар асосида ажратиб бериш тартиби жорий қилинади.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг тақсимотига асосан Молия вазирлиги туман бюджетига ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун зарур маблағларни ажратганидан сўнг туман ҳокимлиги қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш орқали ер майдонларини сув билан таъминлаш, электр энергиясини тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг техник ва молиявий кўрсаткичларини белгилайди ва ушбу ишларни амалга оширувчи пудратчи ташкилотларни танлов асосида аниқлайди.
Туман ҳокимлиги фойдаланишга киритилган ер майдонларини деҳқончилик соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган, биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалигини юритиш учун, истисно тариқасида, 10 йилгача муддатга ижарага беради ёки тажриба-синов тариқасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 5 гектаргача бўлган ер майдонларини 10 йилгача муддатга ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотади.
Ушбу ер майдонларини ажратиш бўйича ташаббускор ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ижара шартномасига асосан туман ҳокимининг қарори қабул қилинади, бунда ер майдонларида сув тежовчи технологияларни қўллаш ва устувор равишда сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинларни экиш, боғ ва токзорлар барпо этиш назарда тутилади.
Ердан фойдаланиш давомида белгиланган экин турларини экиб, иш ўринларини яратган, ижара харажатларини ўз вақтида қоплаган тадбиркорлик субъектларига ердан фойдаланиш муддатини узайтиришда устуворлик ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, туман ҳокимликлари фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг яхлитлиги, бир маҳсулот турига ихтисослашиши, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари орқали деҳқон хўжаликларига уруғлик ва кўчатлар етказиш, илғор агротехнологияларни ўргатиш, етиштирилган маҳсулотларни реализация қилишда кўмаклашади, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини етарли ҳажмда ва ҳамёнбоп нархларда харид қилишлари учун зарур инфратузилмани яратади.
Ушбу қарор доирасида ижарага бериладиган ер майдонларида енгил конструкциядаги дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштиришга рухсат берилади, бошқа турдаги, шу жумладан турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман этилади.
Ижарага бериладиган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокидаги “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш” лойиҳаси, Жаҳон банкининг кредит линиялари ҳисобидан кредитлар ажратилади. Бунда тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Мазкур қарор доирасида фойдаланишга киритилган ер майдонлари мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади.
Қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этадиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар тоифасига кирувчи ҳар бир оила парранда боққан даври (40 кун) учун Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирилади.
Ушбу қарор билан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда янги фойдаланишга киритиладиган ерларнинг ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини, шунингдек қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунини, шунингдек, “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда янги фойдаланишга киритиладиган ерларнинг ижара ҳуқуқини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида сотишга имконият яратиши белгиланди.
Қарорда:
Солиқ кодексининг 57-моддасида назарда тутилган шартларга жавоб берувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ўзи ишлаб чиқарган ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича фойда солиғи ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланганлиги;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек, ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулкининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблашда солиқ базасидан камайтирилиши;
томчилатиб суғориш тизими қўлланиладиган ерлар – томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар – ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида ҳамда янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланишдан қатъи назар, уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон Фармонига асосан қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилганлиги маълумот ўрнида келтирилган.
Инқирозга қарши курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлардан ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун туман бюджетларига Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг тақсимотига асосан 300 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, қарор билан Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари 2020 йилда ажратилиши режалаштирилган 30 триллион сўмлик револьвер кредитларнинг 2 триллион сўмини мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва унинг экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга йўналтиради. Шунингдек, экспорт шартномаси бўйича келгусидаги тушум таъминоти асосида шахсий томорқа ер эгалари ва хўжалик юритувчи субъектларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун бўнак ажратиш ҳамда маҳсулотларни сотиб олиш мақсадларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчилар ва экспорт қилувчиларга қисқа муддатли кредитлар ажратиш амалиёти жорий этилади. Бунда, кредитлар яхши кредит тарихига эга, камида 2 йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти фаолияти билан шуғулланган қайта ишловчилар ва экспорт қилувчиларга ажратилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги корхоналарнинг ипак қурти боқиш иншоотларини “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги ташкилотларга тўловларни йигирма йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан баланс (қолдиқ) қийматда инвестиция киритиш шарти билан сотиш чораларини кўради.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
10:59 / 20.10.2024
ЖССТ саломатлик учун хавфли бўлган 5 турдаги озиқ-овқатлар рўйхатини эълон қилди
11:40 / 18.10.2024
Ўзбекистондан Малайзия бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади
09:55 / 15.10.2024