Куба президенти Фидель Кастро Рус тан олган, Россия эстрада юлдузи Алла Пугачёва таъзим қилган, украиналик ака-ука боксчи Кличколар отаси сифатида кўрадиган, саховатпешалик бўйича дунёга донг тарқаган қорақалпоғистонлик Алланияз Утениязов ҳақида эшитганмисиз?

Ҳа, бир вақтлари хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бу инсон ҳақида кўп ёритилди, лекин унинг феномени ҳали тўла ўрганилмади.

Алланияз Утениязов 1936 йилда Қорақалпоғистоннинг Кегейли тумани Қазаяқли қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. 1950 йил охирларида Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг роман-герман факультетининг инглиз тили йўналишида таҳсил олган. Унинг номи талабалик йилларидан чиқа бошлади. Пахта йиғим-терим пайтида бир кунда 400 килогача пахта (бу тасдиқланган факт), 1 минг 200 килогача пахта ғўзасини терган Алланиязга “комбайн” деб ном беришди. Бошқа энг илғор теримчи деганларнинг ўзи бир мавсумда 2,5-3 тонна пахта терса, Алланиязнинг марраси 12-15 тонна бўлди. Терилган пахта учун берилган пулларни у хайрия ишларига сарф қиларди.

У биринчи курсни тугатгандан кейин ёзги таътил пайтида қишлоғидаги Қурбаниязовлар оиласига уй қуриб берди. Бу унинг биринчи марта қурган уйи эди. Хизматига ҳеч қанақа ҳақ олмади.

1962 йилда институтни тамомлаб ўз қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабида инглиз тили ўқитувчиси сифатида бошлаб, 42 йил давомида дарс берди.

Фидоий устоз ўқувчиларга дарс ўтиш билан бир қаторда қишки ва ёзги таътил пайтларида ёлғиз бошли, ёрдамга муҳтож 42 нафар қарияга уй қуриб бериб, бу меҳнатлари учун бир сўм ҳам ҳақ олмаган. Шунингдек, у битта ўзи 2 та мактаб, 2 та акушерлик пункти, 2 та болалар боғчаси ва битта кутубхона қурди. Ундан ташқари 174 та хонадоннинг уйларини капитал таъмирлаган. Ҳамма қурган уйлари учун шахсан ўзи ҳеч қандай техникаларнинг ёрдамисиз 860 минг дона ғишт қуйган. Бу ишларининг барчасини бепул, битта ўзи амалга оширган.

Алланияз Утениязов ҳақида Ўзбекистондаги деярли барча газета-журналларда мақолалар чоп этилди, телевидение ва радиоларда тинмасдан тарғиб қилинди. Собиқ Иттифоқдаги кўп ададли “Правда”, “Комсомольская правда”, “Семья” ва бошқа нашрларда қатор мақолалар чоп қилингандан кейин уни бутун дунё таний бошлади. Хусусан, “Правда” газетасининг 1985 йил 29 сентябр сонида чоп қилинган “Лик доброты” (муаллифи халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тулепберген Қаипбергенов) мақоласидан сўнг Алланияз Утениязов номига дунёнинг турли бурчакларидан мактублар оқилиб кела бошлади.

Шу пайтдаги Куба давлати раҳбари Фидель Кастро Рус: “Сиз ўз инсонийлик меҳнатингиз билан барча одамзод боласидан жуда юқори турасиз. Бу ишларингиз ёш авлодларни тарбиялашда намуна бўлади. Мен сизга тан бераман...” деб ёзди. Россия эстрада примадоннаси Алла Пугачёва: “Сизнинг холис хизматларингиз мен учун ибрат, миннатдорман. Сиздек одамнинг юртимизда бор эканлигига қувонаман. Халққа бепул қилган меҳр-шафқатингиз олдида таъзим қиламан...” деса, машҳур Муслим Магомаев: “Муҳтарам, муаллим. Сизни ва оила аъзоларингизни 1 май байрами билан чин дилдан қутлайман. Сизга теран соғлик тилайман. Ўзингизнинг хайрия-саховат ишларингизни, бор ақл-истеъдодингиз билан давом эттира бергайсиз. Сиз XX асрнинг Прометейисиз... (Прометей олов ўғирлаб одамларга яхшилик кўрсатган юнон мифологик қаҳрамони)” деб энг илиқ дил сўзларини изҳор этиб телеграмма йўллаган.