Шавкат Мирзиёев ХХР раиси билан телефон орқали мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликка доир ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилган.
«Давлат раҳбарлари коронавирус инфекциясига қарши давом этаётган курашнинг энг мураккаб даврида кўрсатилган ўзаро кўмак ва гуманитар ёрдамни катта мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этдилар.
Апрель ойининг иккинчи ярмида ушбу хавфли вирус билан касалланганларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш соҳасида Хитойнинг улкан амалий тажрибага эга етакчи врачлари гуруҳи мамлакатимизда бўлди.
Президентимиз хитойлик мутахассислар юксак профессионал маҳорат намойиш этганликлари, уларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги машаққатли меҳнати пандемияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Томонлар буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини таъкидлашган.
Икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиология назорати соҳасидаги идоралари ўртасида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинган.
Шунингдек, кўп қиррали, шу жумладан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинган.
ХХРнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш асосида камбағалликни қисқартириш масалаларида самарали мулоқот бошлангани алоҳида таъкидланган.
Суҳбат натижаларига кўра икки томонлама олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ишлари давом эттирилади.
«Икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудлар маъмуриятлари, банк-молия институтлари ва етакчи компаниялари пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятларни излаш мақсадида ҳамкорликдаги ишларини фаоллаштиради. Булар, аввало, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг мутаносиблигига эришиш, ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, юк ташиш ҳажмининг ўсиши учун қулай шароитлар яратиш, гуманитар дастурларни илгари суришдир.
Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириб боришга қатъий интилиш тасдиқланди», дейилади хабарда.
Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Хитой етакчилари дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам кенгайтиришга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидлаган.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024