Жаҳон | 21:43 / 08.05.2020
6243
1 дақиқада ўқилади

Грузиянинг Украинадаги элчиси Саакашвилига лавозим берилиши сабабли ортга чақиртирилди

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг Украинада ислоҳотлар бўйича ижроия қўмита раҳбари этиб тайинланиши расмий Тбилисининг норозилигига сабаб бўлди. 

Михаил Саакашвили / Фото: РИА Новости

Грузия ташқи ишлар вазири Давид Залкалианининг таъкидлашича, шу сабабли Грузиянинг Киевдаги элчиси  Теймураз Шарашенизде маслаҳатлашув учун ортга чақиртирилди.

Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларнинг узилиши ҳақида ҳозирча гап кетмаяпти.

Залкалиани Саакашвили Грузияда бир нечта жиноий иш бўйича айбланувчи ҳисобланишини ва қидирувга берилганини эслатиб ўтган.

“Стратегик ҳамкор томонидан Грузияда судланган ва қидирилаётган одамнинг лавозимга тайинланиши Грузиянинг Украинадаги элчисининг чақиртириб олиниши ҳақида қарор қабул қилинишига асос бўлди”, деб айтган Грузия ташқи ишлар вазири.

Аввалроқ, 7 май куни Украина президенти Владимир Зеленский Саакашвилини 2014 йилда собиқ президент Пётр Порошенко томонидан ташкил этилган ислоҳотлар бўйича ижроия қўмита раҳбари этиб тайинлади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид