Норбоева: «Ҳукумат пандемия сабаб ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиши муҳим»
Ялпи мажлис кун тартибидаги навбатдаги масала 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган Давлат дастури ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан Ҳукуматда яхлит тизим яратилган.
Пандемия даврида республикада макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, қатор амалий чора-тадбирлар кўрилган.
Дастурга мувофиқ жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши белгиланган 15 та банддан 3 тасининг бажариш муддати узайтирилган.
Сенат раиси Танзила Норбоева мазкур масала юзасидан муносабат билдириб, бу борадаги қилиниши зарур бўлган ишларни санаб ўтди. Хусусан, Ҳукуматдан жорий йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш параметрлари лойиҳасида пандемия сабабли чет элдан республикага қайтган ва ишсиз қолган бошқа тоифадаги фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади. Дастурга мувофиқ йил давомида бажарилиши белгиланган 62 та вазифанинг ижроси бўйича маълумот киритиб борилиши борасида сўз юритди.
“Кўриниб турибдики, давлат дастуридаги ҳар бир топшириқ ғоят муҳим. Уларнинг жойлардаги ижросини сенаторларимиз ҳам назорат қилиши, маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиши ва керак бўлса, Сенат муҳокамасига киритиб бориш лозим. Бунда парламент сўрови ва сенатор сўрови институтларидан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат дастуридаги топшириқларни сурункали равишда ўз вақтида бажармайдиган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг лавозимга лойиқ ёки лойиқ эмаслиги масаласини ҳукумат олдига қўйишимизга тўғри келади”, - деди Танзила Норбоева.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024