Ўзбекистон | 13:30 / 11.05.2020
5408
3 дақиқада ўқилади

Омбудсманнинг 134та сўровига вазирлик ва идоралар томонидан муносабат билдирилмаган

Сенат ялпи мажлиси Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисида омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев ҳисобот берди.

Улуғбек Муҳаммадиев / Фото: senat.uz

Вакил ва унинг минтақавий вакиллари томонидан 8 та асосий соҳа бўйича ишлар қилинган. Хусусан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилган.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қатор ишлар қилинган.

Мониторинг давомида қамоқда сақланаётган шахслар билан жамоавий 3000 дан ортиқ учрашувлар ва 248 киши билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан омбудсманнинг ҳисоботи танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди. Жумладан, вакил томонидан шикоятларни кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимликларига 773 та сўров хати юборилган бўлса-да, уларнинг 180 дан ортиғига ўз вақтида жавоб берилмаган. 134 та сўровга республика вазирлик ва идоралари томонидан муносабат билдирилмаган.

Ушбу масалаларга масъулиятсизлик билан ёндашган вазирлик ва идораларга тегишли чора кўриш юзасидан парламент палаталарига тегишли тартибда маълум қилиниши зарурлиги борасида сўз юритилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноятда гумон қилинувчилар ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари кўрилганлиги тўғрисида 138 та шикоят келиб тушганлиги, бундай салбий ҳолатларнинг нафақат оқибатларига чора кўриш билан чекланиш, балки уларга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаб ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Олий Мажлис палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиш ваколатини амалга ошириш, Олий Мажлис палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этиш, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этиш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш топширилди.

2019 йил давомида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш, фуқаролар ўз вақтида бошқа турар жой билан таъминланмаган ҳолда олиб қўйилганлиги ҳолатларининг олдини олишда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг минтақавий вакиллари томонидан ўз вақтида тегишли давлат органлари ва маҳаллий давлат идоралари билан ҳамкорлик ишларини олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. 

Мавзуга оид