Ўзбекистон | 11:43 / 11.05.2020
22217
3 дақиқада ўқилади

Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйиш ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. 

Қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жиноят кодекси “Ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш” учун жавобгарлик белгиланган беш қисмдан иборат 1731-моддаси билан тўлдирилмоқда. Ушбу модданинг биринчи қисмига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий ишлар ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазо белгилаш назарда тутилмоқда. 

Модданинг иккинчи қисмида эса жавобгарликни оғирлаштирилган ҳолатлар кўрсатилган бўлиб, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш - олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтлар ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, муайян ҳуқуқдан чекланган ҳолда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Модданинг учинчи қисмида худди шундай ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, айбдор уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва тўртинчи қисмига мувофиқ, худди шундай ҳаракатлар кўпчилик учун хавфли бўлган усулда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Юқорида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ер участкаларини олиб қўйиш учун жавобгарлик кўрсатилган 613-моддаси билан тўлдирилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши ер участкасини олиб қўйиш тартибига риоя этмаганлик ҳамда бунинг оқибатида мулкдорларга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари  ҳамда  қонуний  манфаатларини  таъминлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид