Ўзбекистон | 21:29 / 12.05.2020
47123
2 дақиқада ўқилади

Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекистонликлар Ватанга қайтиш учун имконият изламоқда

Россиянинг Самара вилоятида, Қозоғистон чегарасидан бир неча 10 км масофада бўлиб турган тахминан 800 нафар Ўзбекистон фуқароси президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади.

Уларнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия полицияси уларни Ставропол тумани, Мастрюково разъездида (мурожаатчилар тилида Маштриково) ушлаб турибди. Яъни ҳудудни тарк этишга рухсат бермаяпти.

Бунинг сабаби сифатида Қозоғистон томони ўзбекистонликларни қабул қилмаётгани айтилмоқда.

Kun.uz мухбири гаплашган ўзбекистонлик фуқаронинг айтишича, улар турган жойда яшаш имконияти йўқ, егулик ва ичимлик суви ҳаддан ортиқ қиммат. Арзонроқ дўконлардан бориб маҳсулот харид қилиш имкони мавжуд эмас. Чунки полиция ҳудудни тарк этганларни карантин чорасини бузган деб топиб, 4 минг рубл жаримага тортмоқда.

Видеодан кадр 

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеомурожаатда айтилишича, чегарага яқин ҳудудда 200-300 атрофида енгил машина тўпланиб қолган. Уларнинг ҳар бирида 4 кишидан бўлганда ҳам 800-1200 киши сақланмоқда.

Улар ортга қайтиш чорасини ҳам қила олишмаяпти, чунки аксарияти Москвадан келган бўлиб, шаҳарга қайта киритилмаслиги аниқ. Тунаб ёки яшаб туришга эса бошқа жойлари йўқ.

Мурожаатчиларга кўра, улар чегара ёпиқлигини билган ҳолда йўлга чиқишган. Бунга, Москва шаҳридаги вазият тобора ёмонлашиб бораётгани сабаб бўлган. Улар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан амалий ёрдам беришини сўрар экан, Ўзбекистонда ташкил этилган карантин ҳудудларида 14 кун қолишга ҳам розиликларини изҳор қилишмоқда. Шу билан бирга, уларнинг таъкидлашича, улар ёллаган транспорт воситаларига рухсат берилиши билан ортиқча харажатларнинг олди олинган бўлар эди.

Мавзуга оид