Kun.uzʼга келиб тушган бир нечта мурожаатларга кўра, айни дам ўнлаб фуқаролар БААнинг Дубай шаҳрида қолиб кетган. Уларнинг деярли ҳаммаси саёҳатга борган ва ўтган кунлар давомида Эроннинг ҳаводан ҳужумлари оқибатида юзага келган вазият сабаб рейслари бекор қилинган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Дубайдаги консулхонанинг Kun.uzʼга маълум қилишича, фавқулодда вазият юз берган онда тўпланиб қолган фуқаролар дастлабки рейслар билан Ўзбекистонга қайтарилган. Бироқ 6 март санасига келиб, Дубайда вазият тинч ва ҳаводан ҳужум бўлиши ҳақида ҳеч қандай эълон йўқ. Шундан келиб чиқиб, шаҳар аэропортлари ҳамда осмони очилган, Ўзбекистонга ҳам рейслар амалга оширилмоқда. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар ўз сайёҳлик агентликлари билан келишган ҳолда маъқул рейслар билан ортларига қайтишлари мумкин, дейди расмийлар.
Дубайдаги консулхона вазият юзасидан ўз баёнотини ҳам эълон қилди.
“Айни вақтда Дубай шаҳрида вазият нисбатан барқарорлашган бўлиб, ҳаво ҳудуди очилгани сабабли Дубай–Тошкент йўналиши бўйича авиақатновлар “UzAirways”, “CentrumAir” ҳамда “Qanotsharq” авиакомпаниялари орқали босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, 5 - 6 март кунлари “UzAirways”, 6 март куни “CentrumAir” авиакомпанияси рейси Тошкентга бўш жойлар билан қайтган. Шу билан бирга, ўтган кунлар давомида “FlyDubai” ва “Air Arabia” авиакомпаниялари орқали чипта олиб, турли сабабларга кўра рейслари бекор қилинган ёки кечиктирилгани натижасида Дубай шаҳрида қолиб кетган юртдошларимиз ўз туроператорлари ёки авиакомпаниялар билан алоқага чиқиб, кунлик қўйилаётган рейслар орқали Ўзбекистонга қайтиш имкониятидан ҳам фойдаланишлари мумкин”, дейилади баёнотда.
Бироқ Kun.uz билан гаплашган қатор юртдошларимизга кўра, деярли барча сайёҳлик агентликлари улар билан алоқаларни узган ва телефон, хабарларига умуман жавоб беришмаяпти. Алоқага чиққанлари эса турфирма хизматидан фойдаланиш шартномасида форс-мажор ҳолатлари юз берганда қўшимча рейс ва шундай харажатларни агентликлар бўйнига олмаслиги кўрсатилганини рўкач қилишган. Яъни саёҳатга борган юртдошларимиз ўзига мос пакетларни харид қилаётганда имзо чеккан ҳужжатлари орасида агар форс-мажор ҳолати юз берса, қўшимча харажатларни туроператорлар қопламаслиги кўрсатилгани ҳам бўлган.
“Ойим, мен ва опам келганмиз. Опам сайёҳлик агентлиги орқали етиб келди, бироқ уни жўнатганлар қайта билет олиш туроператорлар бўйнида эмаслиги, бу форс-мажор ҳолати экани ва ҳеч қандай масъулиятни бўйнига олмаслигини гапиряпти”, дейди юртдошларимиздан бири.
Расмийларнинг тушунтиришича, сайёҳлик агентликлари ўз мижозлари талаб ҳамда вазиятини инобатга олиши керак.















