«Карантин тугагани йўқ» – Шавкат Мирзиёев раҳбарларни ҳушёрликка чақирди
Президент Шавкат Мирзиеёв 13 май кунги видеоселектор йиғилишида эпидемиологик вазият туфайли чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилаётганига қарамай, ҳамон карантин тартиби амалда эканини таъкидлади.
«Такрор ва такрор айтаман, ҳали юртимизда карантин тугагани йўқ. Лекин биз мажбурмиз [карантинни] юмшатишга: одамларни боқишимиз керак, иқтисодиётни тиклашимиз керак.
Умуман, коронавирус йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши зарур. Жумладан, шахсий гигиенага амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган тартибда ўтказиш, юқумли касал бўлса, ниқоб тақиш одатий қоидага айланиши зарур.
Барчангиз кўриб турибсиз, пандемияни жиловлашга жуда катта куч сарфлаяпмиз. Бу борада анча қийин ва оғир йўлни босиб ўтдик. Оғир йўлни танлаганмиз. Лекин бу йўл ўзининг самарасини секин-секинлик билан беряпти. Бошқа йўл йўқ.
Халқимиз карантин бошланган дастлабки кунлардаги ташвишли вазият яна қайтарилишини мутлақо истамайди. Биз мажбур бўламиз, қайсидир вилоятда, қайсидир ҳудудда, қайсидир корхонада [коронавирус аниқланса], дарров ёпилади. Лекин жиноий жавобгарлик билан ёпилади. Ўша ҳокимига ҳам, корхона раҳбарига ҳам – агар карантин нормаларига эътибор қилмаса», – деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бу йиғилишда ҳудудлараро транспорт алоқаси тикланиши режалаштирилаётгани маълум бўлди.
Жумладан, Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганиляпти.
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024