Жаҳон | 22:39 / 15.05.2020
44731
5 дақиқада ўқилади

Афғонистон: Туғруқхонадаги қирғин вақти туғилган чақалоқ яшаб кетди, 18 чақалоқ онасиз қолди

Сешанба куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги тиббиёт муассасасига уюштирилган қонли ҳужум вақтида туғилган чақалоқ омон қолди. Бу ҳақда «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти маълум қилган. Боланинг онасининг ҳаёти ҳам сақлаб қолинган.

AFP Photo/Wakil KOHSAR

Номаълум қуролли гуруҳ уюштирган ҳужум оқибатида жами 24 киши ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги яқинда шу туғруқхонада кўзи ёриган аёллардир. Ўша уни 18 чақалоқ онасиз қолган. Шунингдек, икки чақалоқ, акушер-гинеколог ва полициячи ҳалок бўлган.

Ҳозирча ушбу теракт учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Тиббиёт муассасасига ҳужум маҳаллий вақт билан 12 май куни куни соат 10:00 атрофида бошланган. Шифокорлардан бири BBC мухбирига айтишича, ўша вақтда шифохонада 140 киши бўлган. Туғруқ бўлими «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти кўмагида фаолият юритади ва у ерда бир неча хорижлик ишлайди.

Бу ҳужум бутун Афғонистонни карахт қилиб қўйди / EPA

Хабар қилинишича, шифохонага бостириб кирган жангарилар жарроҳлик ва терапевт бўлимларига кирмасдан дарҳол туғруқ бўлимига йўналган.

Ҳужум гувоҳига айланган сотувчининг сўзларига кўра, жангарилар ҳеч кимни сўроққа тутмасдан ўт очишни бошлаган. Отишма бошланган вақтда ҳомиладор аёллардан бирида тўлғоқ бошланган.

Reuters агентлиги хабарида айтилишича, Зайнаб исмли яна бир аёл жангарилар бостириб кириши арафасида туққан. У фарзандига Умид исмини қўйган. Маълум бўлишича, у ва турмуш ўртоғи етти йилдан бери фарзандли бўла олмаётганди.

Афғон полициячиси ҳужум туфайли яқинларини йўқотган эркакни юпатмоқда / AP

У отишма овози эшитила бошлаганида ҳожатхонада бўлган ва ортга қайтишга шошилган. Аммо унинг ўғли бу вақтда ўлдирилганди. Зайнабнинг қайнонаси Заҳро Муҳаммадий шундай дейди: «Мен келинимни у фарзандини йўқотмаслиги учун Кобулга олиб келгандим. Бугун энди жонсиз чақалоқни олиб Бомиёнга қайтамиз».

Туғруқхонада набирасини йўқотган аёл / AFP

Афғон махсус хизматлари 100 нафар аёл ва болаларни қутқарган, қутқарилганларнинг уч нафари хориж фуқароси бўлган. Маълум қилинишича, уч нафар жангари полициячилар формасида шифохона ҳудудига киришган, уларнинг барчаси отишма чоғида ўлдирилган.

«Чегарасиз шифокорлар» 55 ўринли туғруқ бўлими фаолиятини тўхтатган. Бу ерда йил бошидан буён 5400 нафардан ортиқ чақалоқ туғилганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Воҳид Мажруҳнинг маълум қилишича, онасиз қолган чақалоқларнинг барчаси бошқа шифохонага ўтказилган. Бундан олдин уларнинг шахси аниқлаштирилган. Афғонистонда амалда ДНК-тест ўтказишнинг имкони йўқ, шу туфайли янги туғилган болаларни алмаштириб юбормаслик муҳим ҳисобланади.

Айни вақтга келиб ўн тўрт нафар чақалоқ оилаларига қайтарилган, яна тўрт чақалоқ ҳам олиб кетилиши кутилмоқда.

Отатурк шифохонасига кўчирилган она ва бола / AP Photo/Rahmat Gul

Ўша куни Афғонистон шарқидаги Нангарҳар вилоятида ҳам йирик теракт содир этилди. Ҳудудий полиция бошлиғи Ҳожи Шайх Икромнинг дафн маросими вақтидаги портлашлар туфайли 32 киши ҳалок бўлиб, 68 киши яраланди. Жароҳатланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда ва қурбонлар сони ўсиши мумкин.

Мамлакат президенти Ашраф Ғани бу хунрезликларда «Толибон» ҳаракатини айблади ва ташкилотга қарши ҳарбий амалиёт бошлашга буйруқ берди.

BBC таҳлилчиси Лиз Дюсет
Тинч аҳолига нисбатан жуда кўп хунрезликларга гувоҳ бўлган Афғонистон учун ҳам янги туғилган чақалоқлар ва уларнинг оналари ёввойиларча ўлдирилиши шок ҳолат бўлди. Бу қонли ҳужум шу йил мамлакатда ниҳоят тинчлик ўрнатилиши борасидаги умидларни буткул сўндирди.

Шифохона ичидан қонга беланган чақалоқларни олиб чиқаётган ҳарбийлар кадрлари узоқ вақт хотирада сақланиб қолади. Бу тўкилган қонлар жангари гуруҳларга қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирганларнинг виждонига ҳавола. 

«Толибон» дарҳол ушбу даҳшатли ҳужумга алоқадор эмаслигини эълон қилган бўлсада, президент Ғанининг ҳарбий амалиётларни тиклаш тўғрисидаги буйруғи жуда кўп афғонларнинг қаҳр-у ғазабини ифода этади. 

Айримлар ИШИД таъсиридаги гуруҳлар «Толибон» ва ҳукумат ўртасида адоват қўзғашга ва тинчлик музокаралари барбод бўлишига эришишга уринаётганини айтмоқда.

«Толибон»нинг ваъдаларига ишонмайдиганларда эса сўнгги ҳафтадаги терактлар курашни давом эттиришга ишончни мустаҳкамлади.

Мавзуга оид