Туркия Хитойдан Кипрга тиббий юк билан учган самолётни ўтказмагани сабабини тушунтирди
Хитойдан Кипрга коронавирус билан қарши кураш учун зарур бўлган тиббий юк билан учган самолёт Туркия ҳудудидан ўтказилмаганига парвоз учун олдиндан рухсат олинмагани сабаб ҳисобланади. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги вакили Ҳами Оқсой маълум қилди.
Аввалроқ Кипр транспорт, алоқа ва саноат вазири Яннис Карусос Туркия Хитойдан Кипрга гуманитар юк билан учган самолётни ўз ҳудуди орқали ўтказмаганини маълум қилганди. Самолёт бортида 36 тонна тиббий юк, жумладан ҳимоя кийими, бахила, ҳимоя ниқоблари бўлган. Самолёт учувчиси Туркиянинг рад жавобидан кейин йўналишни ўзгартириб, Москва аэропорти томон учишига тўғри келган. Самолёт у ерда ёнилғи тўлдириб, Туркияни четлаб ўтган ҳолда Кипр томон йўл олган.
“Бизнинг маълум сиёсатимизга кўра, Кипрга ва Кипрдан юк ташувчи самолётларга мамлакатимиз орқали учиб ўтишга ва Туркияда оралиқ қўнишлар амалга оширишга рухсат берилмайди. Бироқ муайян ҳолатларда беморларни эвакуация қилиш, тиббий юк ортилган ва фавқулодда қўниши керак бўлган самолётлар учун истисно тариқасида рухсат берилиши мумкин”, деб тушунтирган Оқсой.
Унинг таъкидлашича, Хитойдан учган самолёт парвозгача Туркия устидан учиб ўтиш учун рухсат олмаган ва Туркия ҳаво ҳудудига киргачгина Ларнакага (Кипрдаги шаҳар) учаётганини маълум қилиб, учиб ўтиш учун рухсат сўраган.
“Бунда Кипр билан боғлиқ парвозларга чеклов стандартларига мувофиқ, самолётга ҳаво ҳудудимиздан фойдаланишга рухсат берилмаган. Агар парвоз учун ўз вақтида ариза берилганда, самолётда гуманитар юк борлиги инобатга олиниб унга учиб ўтишга рухсат берилган бўларди”, деб қўшимча қилган Оқсой.
У Кипр ҳукуматини ушбу амалиётни била туриб, вазиятдан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринаётганликда айблаган.
Мавзуга оид
14:00 / 16.09.2024
Украиналик собиқ олигарх Коломойский Кипр фуқаролигидан маҳрум қилинди
15:05 / 24.04.2024
Кипрнинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
15:17 / 16.11.2023
ICIJ: Кипр фирмалари россиялик олигархларга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беряпти
08:51 / 01.09.2023