Жамият | 10:20 / 16.05.2020
7046
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Замонавий тиббиётнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

15 май куни Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Замонавий тиббиётнинг долзарб масалалари» мавзусида талаба-шифокорлар ва ёш олимлар иштирокида анъанавий 74-халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Бу йилги анжуман карантин сабаб онлайн тарзда ўтказилди. Карантин бўлганига қарамай, конференцияда қатнашиш учун мамлакатимиз ва 7та хорижий давлатлардан жами 550 муаллифдан 900дан ортиқ илмий тезислар ва мақолалар келиб тушди.

СамДТИ ташкил этган бу йилги илмий-амалий конференция Ўзбекистонда «2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастури ижросига мувофиқ институтнинг 90 йиллик юбилейи арафасида ўтказилди.

Конференцияни ўтказишдан асосий мақсад ёш олимлар ва талабаларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш, тадқиқот натижаларини тақдим қилишга ўргатиш ва мулоқот доираларини кенгайтириш орқали инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш бўлди.

Халқаро илмий-амалий конференциянинг ялпи мажлиси ягона телекўприк орқали боғланган ва якдил жамоа сифатида бирлашган ҳолда бошланди. Ялпи мажлис ишини институт ректори профессор Жасур Ризаев табрик сўзи билан очиб берди ва олиб борди. Ялпи мажлисда Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларининг 10та олий тиббий ўқув юртларидан 500дан ортиқ олимлар ва талабалар қатнашиб, ташкилотчилар ва институт раҳбариятига ўзларининг энг илиқ сўзларини йўлладилар.

Конференциянинг ялпи мажлиси ва 8та шўъба мажлисларида Беларусь, Россия, Қозоғистон, Украина, Жанубий Корея ва Тожикистондан 12та ва мамлакатимизнинг 6та тиббиёт олийгоҳларидан 150дан ортиқ талаба ва ёш олимлари бевосита чиқиш қилди. Ҳар бир шўъба мажлисида 200га яқин иштирокчи қатнашди. Энг долзарб ва қизиқарли ишлар муаллифлари диплом билан тақдирландилар.

Конференциянинг барча материаллари СамДТИ чоп этиладиган «Биология ва тиббиёт муаммолари» илмий журналида нашр қилинади. Умид қиламиз, конференцияда билдирилган фикрлар, таклиф ва хулосалар мамлакатимизда тиббиёт ривожига, соҳага инновацияларни киритиш, моҳир тиббиёт кадрларини вояга етказиш ва халқимизга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини кўтаришга хизмат қилади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Мавзуга оид