Ўзбекистон | 22:26 / 20.05.2020
25945
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Болалар миллий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди

Тошкентнинг Яшнобод туманида Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилди. Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни ушбу муассасани бориб кўрди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур марказ Корея Республикаси кўмагида, «Баум» корпорацияси лойиҳаси асосида барпо этилди.

«Бу – юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиёда ягона ушбу турдаги болалар тиббиёт муассасасидир. Бу ерда йилига 1,5 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётларини бажариш имконияти мавжуд», – дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, тўрт қаватли даволаш корпуси 280та ўринга эга. Поликлиникада кунига 250 нафаргача бемор қабул қилинади.

Марказ магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Бу ерда фаолият юритиш учун 100дан ортиқ врач ва ҳамширалар Жанубий Кореяда малака ошириб қайтди.

Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари операцияларни онлайн тарзда кўриб туриши мумкин. Замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этилади, даволашнинг таъсирчан усуллари муҳокама қилинади.

«Бу марказ – миллий бойлигимиз. Бу ерда болаларни малакали даволаш билан бирга замонавий телемедицина технологиялари асосида мамлакатимиз ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматларни ташкиллаштириш керак», – деди Президент.

Болалар медицинаси йўналишида инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва юқори технологик муолажаларни ташкил этиш, тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари клиникада яратилган шароитлар билан танишди. Ситуацион марказда бўлиб, вилоятлардаги ва Жанубий Кореянинг Пусан университетидаги мутахассислар билан мулоқот қилди.

Ушбу марказ ёнида катталар учун ҳам замонавий клиника ҳамда олий ўқув юрти ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур муассасалар лойиҳаси тақдимот қилинди.

«Болалар ва катталар тиббиёт марказларининг ҳудудларда филиаллари бўлади. Шу орқали тиббиёт тизимининг ҳам илмини, ҳам амалиётини энг илғор стандартлар даражасига кўтариб оламиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

 

 

Мавзуга оид