«Байрамда ўз уйимизда бўлишни хоҳлаймиз» - Сўхда қолиб кетган ишчилар уйига қайта олмаяпти
Фарғона вилояти таркибидаги Сўх тумани эксклав ҳудуд ҳисобланиб, туманни барча томондан Қирғизистон Республикаси ерлари ўраб туради.
Коронавирус пандемияси туфайли карантин чоралари жорий этилганидан сўнг Сўхдан турли юмуш ва зарурият билан Фарғона томонга ўтган сўхликларда ҳамда Сўх туманига ишлаш учун ва бошқа турли юмушлар билан борганларда уйга қайтишда қийинчиликлар юзага келган.
Kun.uz сайтига қурилишда ишлаш учун Сўхга бориб, уч ойдан бери уйига қайтиб кета олмаётган усталар мурожаат йўллашди.
«Сўхдан уйимизга кета олмаяпмиз»
«Биз Сўх туманига 20 март куни қурилишда ишлаш мақсадида келганмиз. Карантин бошлангач, уйимизга кета олмай, шу ерда қолиб кетдик. Сўнгги кунларда карантин чоралари юмшатилганидан хабаримиз бор. Туман ҳокимлигига, чегара пункти раҳбарларига ўз яшаш жойларимизга қайтиш учун, чегарадан ўтишга ёрдам сўраб мурожаат килдик. Лекин ижобий натижа бўлмаяпти.
Сўхда Самарқанд, Наманган ва Фарғонанинг турли туманларидан келган 93 нафар киши мана шундай муаммоли вазиятда қолган. Баъзи шерикларимизнинг ётоғи ҳам йўқ.
Муҳтарам президентимизнинг ёрдами билан бошқа мамлакатлардан чартер рейслар ташкил қилиниб, фуқароларимиз ўз яшаш жойларига қайтариляпти. Наҳотки, бизни қўшни Қирғизистондан олиб ўтиш масаласи қийин бўлса? Сўх тумани аҳолиси бизга ёрдам қўлини чўзмоқда, лекин ҳар нарсанинг ҳам чегараси бўлади.
18 май куни 50 нафар киши бир бўлиб, туман ҳокимлигига дардимизни айтгани бордик. Натижа бўлмагач, «Чашма» постига сумкаларимиз билан чиққан эдик, Сўх тумани раҳбарлари ва ички ишлар ходимлари келиб, «Ёрдам берамиз. Уйларингга кетасизлар», дейишди. Биз уларга ишониб қайтдик. Лекин ҳалигача ёрдам берилмади. Ишларимиз тугаган, пулларимиз ҳам тугаб бормоқда. Ийд Рамазон байрамида яқинларимиз билан бирга бўлишни хоҳлаймиз.
Сиздан мутасадди ташкилотларга арзимизни етказишга ёрдам беришингизни сўраймиз», дейилади мурожаатда.
Фарғонада қолган сўхликлар қандай шароитларда яшамоқда?
Ўз навбатида, карантин туфайли чегаралар ёпилмасдан олдин Сўхдан Фарғонага келиб, ўз туманига қайтиб ўта олмай қолиб кетган фуқаролар ҳам талайгина.
Ана шундай инсонларга кўмак бериш учун кўнгилли инсонлар томонидан ташкил этилган «Сўхликлар учун кўмак» штаби етакчиси Фарҳоджон Мирзаев билан суҳбатлашдик.
«Карантин бошланиб, чегаралар ёпилгач, 464 нафар сўхлик ўз уйларига ўтиб кета олмай Фарғонада қолиб кетишган. Улар Фарғонадаги турли шифохоналарда даволанаётган беморлар ҳамда бошқа юмушлар билан келганлардир. 464 киши орасида кўпларининг Фарғонада яшаш жойлари борлиги аниқланди. Ётоқ учун шароити бўлмаган 140 нафар сўхликлар эса шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев берган ёрдами билан «Зилол» санаторийсига жойлаштирилди. Санаторийда яшаш учун барча шароитлар етарли. Ўз ўрнида вилоят раҳбарига сўхликлар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман», дейди Фарҳоджон Мирзаев.
Ҳар икки томонда қолиб кетган фуқароларни «Чегаралар қачон очилади?», деган савол қийнамоқда. Штаб аъзоларининг айтишича, бор муаммо Қирғизистон чегарасидан ўтишда экан. Қўшни республикада карантин чораларини 1 июндан юмшатилиши кутилмоқда.
Хулоса
Сўхда қолиб кетган қурувчилар яшаш шароитлари яхши эмаслигидан, ишлагани иш йўқлигидан арз қилишмоқда. Туман ҳокимлигига қилинган мурожаатлари эса самара бермаётган экан. Юзга яқин киши Сўх туман мутасаддилари кўмагига муҳтож.
Мутасадди идоралар тез кунларда ҳар икки томонда қолиб кетган ва уйига қайта олмаётган кишилар муаммосига эътибор қаратади, деган умиддамиз.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Мавзуга оид
13:40 / 24.11.2024
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланади
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024