11:08 / 24.05.2020
13898

Нега хорижликлар ўзбек тилини ўрганиши учун сифатли қўлланмалар кам?

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганидан буён орадан қарийб ўттиз бир йил ўтди. Хўш, ўтган давр мобайнида хорижзабонларга ўзбек тилини ўргатиш учун мўлжалланган нечта қўлланма ва луғат яратилди? Ўзбек тили грамматикасини соддалаштириш ва оптималлаштириш, тилимиз нуфузини ошириш ва уни тарғиб қилиш борасида айтишга арзигулик қандай ишлар амалга оширилди? Мамлакатимиздаги тил билан боғлиқ реал вазиятни холис, чуқур ва профессионал тарзда таҳлил қилиб берадиган, муаммоларга ечим кўрсата оладиган қандай илмий тадқиқотлар ўтказилди? Бисотимизда ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлган хорижлик дўстларимизнинг қўлига тутқизгулик бирор сифатли адабиёт ёки контент-ресурсимиз борми?

Тан олайлик, бугун бу каби саволларга жавоб бериш осон эмас. Чунки, аслида, ниҳоятда муҳим бўлган бу масалаларга йиллар давомида етарлича эътибор қаратилмади. «Ўзбек тили – ўзбеклар учун», «Хорижликларда ўзбек тилини ўрганишга бўлган эҳтиёж ва хоҳиш йўқ» деган турли важ-корсонлар билан ўзимизни алдаб, чалғитиб келдик. Фарзандларимизни эса рус мактабларига беришга одатландик.

Устига устак, дарсликларимиз савияси ва она тили фанини ўқитиш сифат даражаси ҳам ачинарли аҳволга тушиб қолди. Натижада битта аризани эплаб ёза олмайдиган, тили вульгаризм билан булғанган, нутқи қашшоқ ёшлар қаршимизда қандай пайдо бўлганини сезиб-сезмай ҳам қолдик.  

Айтиш жоизки, бу муаммолар барчамизнинг оғриқли нуқтамиздир. Мана шундай бир шароитда ҳам ўзбек тилига меҳр қўя олган, тилимизда биз билан тенгма-тенг мулоқот қила оладиган хорижлик дўстларимизнинг сони тобора ортиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта. Зотан, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, РhD Беруний Алимов эътироф этган – ўзбек тилида булбулдек сайрайдиган америкалик аёл Мария, тилимизда бемалол интервью бера олган финляндиялик йигит Биньямин Паткенан ва ўзбек тилида бийрон сўзловчи бир қатор хорижлик дипломатлар пайдо бўлаётгани ҳали имконият ўз қўлимизда эканига, вақтни бой бермай, тилимиз ривожи ва мавқеси учун астойдил ҳаракат қилишимиз кераклигига ундамоқда.

Албатта, бу йўлдаги дастлабки муҳим қадам хорижзабонлар учун ўзбек тилини ўргатувчи сифатли қўлланмалар яратишдир.

Келинг, даставвал бу йўналишда айни пайтга қадар яратилган айрим қўлланма-дарсликлар, луғатлар ва видеоматериаллар ҳақида тўхталиб ўтсак. Тилшунос ва блогер Шаҳноза Соатова ўзбек тилини ўрганиш учун бепул ресурслар рўйхатини келтирган.

1. Cамоучитель узбекского языка. Ўқитувчи нашриёти. 1991 йил.

Х.Исматуллаев муаллифлигидаги мазкур қўлланма жами 21 дарсдан иборат. Уларнинг 6таси ўзбек тили фонетикасига, қолган 15таси эса грамматик тузилишига бағишланган. Ўз навбатида ҳар бир дарс 3 таркибий қисмдан иборат:

1) янги сўз ва жумлалар;

2) грамматик қоидалар;

3) мустаҳкамлаш учун машқлар.

2. Учимся говорить по-узбекски. Русско-узбекский разговорник. Ўқитувчи нашриёти. 1991 йил.

Батырова М.А., Данияров Р.Д., Киссен Е.А., Мирзаева И.Р.лар ҳаммуаллифлигидаги мазкур қўлланма ўзбек тилини билмайдиган ва уни ўрганишни ният қилган ўқувчилар учун мўлжалланган бўлиб, китоб умумий ва асосий қисмдан иборат.

Умумий қисмда ўзбек муомала маданияти хос лексемалар, кундалик ҳаётда ишлатиладиган сўз ва бирикмалар берилган. Асосий қисмдан эса тематик бўлимлар: оила, таълим, спорт каби мавзулар ўрин олган. Ўз навбатида ҳар бир бўлимда мавзуга алоқадор сўз ва иборалар рўйхати, шунингдек, эҳтимолий диалоглар намуналари келтирилган.  

3. Ўзбек тили. Расулов Р., Усмонов М., Миразизова А. Низомий номидаги ТДПУ, 2003 йил.   

Ушбу дарслик республикамиз олий ўқув юртлари рус гуруҳи талабалари учун мўлжалланган бўлиб, унда назарий ва амалий билимлар ифода этилган. Ушбу дарсликда асосий диққат-эътибор амалиётга, яъни нутқни ўстиришга қаратилган. Шу боис дарсликнинг асосий қисмини машғулотлар, топшириқлар, матнлар, таржималар ва луғатлар ташкил этади. Шунингдек, унда ўзбек фаол истеъмолдаги айрим иш ҳужжатлари намуналари ҳам берилган.

4. Узбекский язык для стран СНГ. Сорокина Т.С.нинг таҳрири остида. Москва, Рема. 2012 йил.    

Мазкур дарслик ўзбек тили ва маданиятига қизиққан кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган бўлиб, ўқув материаллари асосан маданиятлараро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган. Унда жанри ва мураккаблик даражаси турлича бўлган матнлар берилган. Мазкур матнлар Ўзбекистон тарихи, маданияти ҳамда замонавий ҳаётини акс эттиради. Нашр компакт-диск билан тўлдирилган бўлиб, электрон дарслик ва аудиокурслар ҳам мавжуд. Аудиокурсларда ўзбек тилидаги бир қатор диалоглар, мақоллар, шеърлар ва матнлар ўрин олган.  

Луғатлар

1. Узбекско-русский словарь. Кары-Ниязов Т.Н., Боровков А.К. УзФАН, 1941 йил.

Луғатда адабий ва оғзаки ўзбек тилининг 17 мингга яқин сўзлари, шунингдек, энг кенг тарқалган иборалари мавжуд. Луғат анча йиллар олдин яратилгани боис бугун маънан эскирган.

2. Узбекско-русский словарь. Азизов О., Ризаева З. Ўқитувчи нашриёти, 1989 йил.

Ушбу луғат ҳам бироз эскирган бўлиб, ҳозирги кунда ундаги мавжуд кўплаб сўзларнинг ўрнида бошқа муқобил сўзлар ишлатилмоқда.

3. Электрон луғат. Ўзбек-рус ва рус -ўзбек тили йўналишидаги электрон луғат.

Замонавийлик нуқтайи назардан олиб қараганда, анча қулай бўлган ушбу электон луғат ўзбек тилидаги муайян сўзнинг русча маъносини ёки аксинча, рус тилидаги бирор сўзнинг ўзбекча маъносини аниқлашга ёрдам беради. Бунинг учун эса бир неча сониялар кифоя, яъни ушбу илова-дастур вақтимизни тежаши билан ҳам аҳамиятлидир.

Видеоматериаллар

Youtube тармоғида ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган видеолар сони бармоқ билан санарли даражада оз.  

1. Узбекский за 47 дней

2. Узбекский язык для вас

3. Учить узбекский язык

Кўриб турганингиздек, ҳолат мақтангулик даражада эмас. Ҳатто ёмон аҳволда, десак ҳам бўлаверади. Чунки юқорида номи қайд этилган адабиётларнинг аксарияти бундан анча йиллар олдин яратилган ва уларнинг баъзилари бугунги кунда эскириб қолган. Бу эса ўзбек тилини ўрганувчи хорижликлар учун мутлақо янги, замонавий талабларга жавоб бера оладиган қўлланмалар сериясини яратишни тақозо қилмоқда.

Хўш, хорижзабон шахсларга ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган қўлланмалар  қандай бўлиши керак?

Ушбу саволга чет элда яратилган ва амалиётда ўзини оқлаган баъзи дастурлар асосида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

1. Ўзбек тилини ўргатиш дастурини СЕFR – А1, А2 (бошланғич), В1, В2 (ўрта) ва С1/+ (юқори) ёки International English testing system (IELTS)га ўхшаш тизимда  ишлаб чиқиш ва қўлланмаларни ҳам шунга мос равишда яратиш

Бу тажриба дунёнинг кўплаб мамлакатлари тил дастурларига хос бўлиб, бу йўл тил тезроқ ва осонроқ ўзлаштирилишида, шунингдек, уни маълум бир тизим асосида ўрганилиши ва билим баҳоланишида муҳим роль ўйнайди.

2. Ўзбек тилидан синов тизими

Яратилган қўлланмалар базаси асосида ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаб берувчи синов тизимини яратиш.

Аввалроқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, шунингдек, бир қатор тилшуносларимиз ўзбек тилини чинакам давлат тили даражасига кўтариш учун барча давлат идораларида фаолият юритувчи, олий ўқув юртларида таълим олувчи ҳар бир шахс давлат тилини билишини таъминловчи механизмга эҳтиёж борлигини айтишган ва мазкур механизмни ишлаб чиқиш бўйича баъзи амалий таклифларни ҳам беришганди.

Демакки, бу соҳада ҳам қўлланмаларнинг мутлақо янги авлодини яратиш эҳтиёжга айланиб бормоқда.  

3. Қўлланманинг таркибий қисми

Қўлланма таркибига алоҳида дарс китоби ва машқлар китоби киритилиши ва улар муайян мавзуларни қамраб олган тахминан 6-8 мавзудан иборат бўлиши лозим. Ўз навбатида ҳар бир мавзу камида 3та фарқли ички сарлавҳали мавзуларга бўлиниши, бош мавзу эса ўргатилиши лозим бўлган кўникма, грамматика ва лексик бирликларни қамраб олиши мақсадга мувофиқ.

Ҳар бир мавзу таркибидаги ички сарлавҳали мавзулар тайёргарлик машқлари, ўқиш, тинглаш, оғзаки ва ёзма нутқ маҳоратини шакллантирувчи материаллардан ташкил топиши, мавзу ниҳоясида эса мисол учун «Маданият», «Ўйнаб ўрганамиз», «Нималарни ўргандик?» , «Ўзини ўзи текшириш», «Луғат» каби бўлимлари билан бир қаторда ўқиш ва тинглаш учун матнлар берилиши даркор.

4. Қўлланма дизайни

Қўлланма дизайни бу борадаги халқаро тажрибаларга суянган ҳолда ишлаб чиқилиши, айни пайтда у миллий колоритни ҳам ифода этиши мақсадга мувофиқ. Ранг танлаш, матнлар жойлашуви, саҳифанинг график тасвирини яратишда ўқувчи психологияси ҳисобга олиниши лозим.    

5. Қўлланманинг мазмуний таркиби

Бу жиҳат ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Чунки қўлланмада берилган материаллар катта эҳтимол билан ўзбек тилини ўрганаётган хорижликлар учун Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати, туристик салоҳияти ва маиший турмуш тарзи ҳақидаги дастлабки маълумотлар бўлиши мумкин. Қолаверса, ушбу маълумотлар хорижлик инсоннинг мамлакатимиз ҳаётига тезроқ мослашиб кетишига ёрдам бериши, унинг қалбида  Ўзбекистонга нисбатан илиқ кайфият уйғотишга хизмат қилиши керак.  

6. Ишни ташкил қилиш

Ушбу қўлланмалар жамланмасини ишлаб чиқишда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи масъуллари бош-қош бўлиб, соҳа мутахассислари ва ташаббускор ёшларни бирлаштиришса, уларни етарли даражада рағбатлантириб туришса, ушбу вазифа нисбатан тезроқ ва сифатлироқ адо этилади.    

7. Тарғибот  

2016 йил ЎзМУ ўқитувчиси Гулбаҳор Искандарова ҳамда Жонгянг Минцу университети ўқитувчиси Гулибонум Кейбатули ўзбек тилини ўрганиш истагидаги хитойликлар учун дарслик ишлаб чиқишганди. Эндиликда бу каби тажрибаларни сон ва сифат нуқтайи назардан ошириб боришга эътибор қилиш даркор.

Қолаверса, давлат тилини ўрганишни ҳаётий заруратга айлантириш, тилимиз тарғиботи доирасида ўзбек тили қўлланмаларини юртимизда доимий истиқомат қилувчи ўзга миллат вакиллари, шунингдек, чет элдан ташриф буюрган меҳмонларга совға тариқасида тарқатиш тажрибасини йўлга қўйиш лозим. Чунки ўзбек тилини ўрганишга истак билдирганларни тўғри йўналтириш, уларда тилимизга нисбатан меҳр ва қизиқиш уйғота олиш – бу тарихимизга, маданият ва санъатимизга, миллий туризм соҳасидаги салоҳиятимизга, умуман олганда, бутун Ўзбекистонга қизиқиш уйғота олиш демакдир. Шу маънода деярли ҳар қадамда ўзбек тилини ўргатувчи ихчам курслар ташкил қилиш, бу борада кенг жамоатчиликни хабардор этувчи рекламалар бериш орқали таълим бозорига таклиф киритиш, мазкур фаолият тури билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш керак. Айни пайтда интернет сегментида ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган контентларни ривожлантириш, ўзбек ва халқаро тиллар иккилигига асосланган электрон луғатлар, мобил иловалар яратиш борасидаги ишларни жадаллаштириш лозим.

Тўғри, бу каби ишларнинг ижобий самараси бирданига кўзга ташланмаслиги мумкин. Аммо у бир неча йиллардан сўнг юртимизга оқиб келаётган сайёҳлар ва инвестициялар мисолида яққол намоён бўлади. Яъни бу меҳнат келгусида давлатимиз ривожи учун ҳар томонлама катта самара бериши мумкин.

Энг асосийси

Албатта, хорижзабонлар учун мўлжалланган ўзбек тили қўлланма мажмуасини яратиш борасида берилган таклифлар янада тўлдирилиши ва бойитилиши мумкин. Энг асосийси, ишга киришиш ва уни изчил давом эттира олишдир. Шундай экан, юқорида номи тилга олинган олий ўқув юртлари ва ташкилотлардан бу борадаги фикр ва муносабатларни кутиб қоламиз.  

Отабек Тиллаев  

Top