Жаҳон | 22:57 / 24.05.2020
4119
2 дақиқада ўқилади

Вашингтондаги G7 саммити бошқа санага кўчирилди

АҚШ Вашингтонда 10 июнда ўтиши режалаштирилган “Катта еттилик” саммитини коронавирус пандемияси сабабли июнь охирига кўчирди. 

Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О'Брайен CBS телеканали эфирида маълум қилди. G7 давлатлари етакчиларининг юзма-юз саммити ўтказиладиган аниқ сана кейинроқ маълум қилинади. 

“G7 саммити юзма-юз форматда ўтгудек бўлса, у июнь охирида бўлиб ўтади. Фикримча, биз Вашингтонда коронавирус эпидемиясининг энг юқори чўққисига яқинмиз, агар ҳозирда унда бўлмасак”, деб айтган О'Брайен.

Унинг таъкидлашича, “Катта еттилик”нинг барча етакчилари саммитнинг видеоанжуман ўрнига юзма-юз шаклда ўтказилишига қизиқиш билдирмоқда.

“Биз етакчилар бу ерга кела олишлари учун ҳамма коронавирусга тест топширгани, вазият хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз лозим”, деб қўшимча қилган Трамп маслаҳатчиси.  

Аввалроқ Дональд Трамп G7 саммити коронавирус пандемияси туфайли халқаро ҳаракатланиш тўхтатилгани ва карантин киритилгани сабабли G7 саммити видеоалоқа форматида ўтишини маълум қилганди. Бироқ жорий ҳафтада Трамп ўз фикрини ўзгартириб, Вашингтонда саммитни ўтказмоқчилигини маълум қилган. 

Мавзуга оид