Жаҳон | 20:36 / 25.05.2020
67672
5 дақиқада ўқилади

Хитойда ишлаб чиқилган вакцинанинг хавфсизлиги исботланди

Ҳозирда дунёнинг кўплаб тадқиқотчилари Covid-19’ни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 коронавирусига қарши вакцина устида иш олиб боришяпти. The Lancet тиббиёт журналида келтирилган маълумотларга кўра, хитойлик олимлар томонидан тайёрланган вакцина хавфсиз экани аниқланди.

108 нафар соғлом кўнгиллилар иштирокида 28 кун давом этган синовлардан кейинги натижалар умидбахш экани айтилган. Вакцинанинг хавфсизлигиги намойиш этилганидан ташқари, у кўнгиллиларда антитаначалар ва Т-лимфоцитларни хосил қилиши қайд этилган. Бу ижобий натижа, бироқ вакцинани оммавий равишда ишлаб чиқариш ва пандемияни тугатгунга қадар катта йўлни босиб ўтиш лозим.

Пекин университети тадқиқотчилари Covid-19’га қарши вакцинани синовдан ўтказиш жараёнида

Вакцина ишлаб чиқиш пойгаси

Коронавирус инқирозига якун ясайдиган ёки ҳеч бўлмаганда унинг оқибатларини юмшатадиган вакцина ишлаб чиқиш пойгаси ўзининг илк натижаларини бермоқда. Яқинда Америка томонидан ишлаб чиқилган вакцина 45 нафар кўнгиллида муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида гапирилганди. Энди эса Хитой томонидан тайёрланган вакцинанинг хавфсизлиги маълум қилинмоқда.

Бундан тақшари, натижалар иштирокчиларнинг камида 8 нафарида инфекцияни нейтраллаштира оладиган, касалликни енгган беморларда аниқланган миқдордаги ва ундан ҳам кўп бўлган антитаналарни кўрсатди. Пекин биотехнология институти ва Хитойнинг Cansino Biologics компанияси жамоаси томонидан олинган барча маълумотлар илмий ҳамжамият томонидан ўрганилиши учун The Lancet журналида эълон қилинди.

Олинган маълумотлар янги вакцинанинг биринчи босқичи натижаларини намойиш этади. Лекин вакцина барча Covid-19’дан ҳимоя қилишини англатмайди. Испания нашри El Pais’нинг ёзишича, лойиҳа раҳбари Вэй Чен барча учун вакцинани олиш имконияти мавжуд бўлиши зарурияти ҳақида огоҳлантирган. Апрель ойидан бошлаб хитойлик олимлар 500 нафарга яқин иштирокчиларда синовларнинг иккинчи босқичини ўтказишмоқда.

Агар барчаси ижобий давом этса, ёз ойларида вакцина оммавий равишда қўллаш учун мос келишини аниқлайдиган учинчи босқич бошланади. Иккинчи босқич давомида тадқиқотга Covid-19 учун энг хавфли гуруҳ – 60 ёшдан катта кишилар илк марта киритилади.

Бугунги куннинг асосий саволи – қандай қилиб сайёранинг бутун аҳолисини коронавирусга қарши вакцина билан таъминлаш мумкинлигидир

Хитой вакцинасининг ўзига хослиги нимада?

Янги вакцина ОРВИ чақирувчи, бироқ лаборатория шароитларида кучсизлантирилган тирик коронавируслардан фойдаланган ҳолда тайёрланган. Вирус касаллик чақирмаган ҳолда одам ҳужайрасига сингиш хусусиятига эга экани сабабли тиканлар (тож)ни ҳосил қилувчи оқсилларни блоклайдиган генетик материални одам ҳужайрасига киритиш учун етказувчи восита бўлиб хизмат қилади. Бу ҳужайралар синалаётган кишининг иммун тизимига етиб борувчи оқсилни ишлаб чиқаради, кейин эса унга коронавируснинг тикансимон оқсилларини аниқлайдиган ва инфекция ривожланишининг олдини оладиган антитаначаларни яратиш имконини беради.

Аслида дунёда пандемия эълон қилинганидан бор-йўғи бир неча ой ўтгач, синовлари одамларда муваффақиятли ўтган иккита вакцинанинг ишлаб чиқилиши ҳақидаги факт ўзининг тез суръати билан кишини ҳайратга солади. 2003 ва 2006 йилларда авж олган SARS ва MERS коронавирусларига қарши вакцина ҳали ҳам ишлаб чиқилмагани эса мазур натижа нақадар муваффақиятли эканини кўрсатади.

Сурат 2020 йилнинг 19 февраль куни олинган. Унда лаборатория ходимлари Хенан провинцияси аҳолисидан олинган намуналарни синовдан ўтказишмоқда.

Дунё давлатлари кўмагида фармацевтик гигантлар патогенга қарши самарали вакцина ишлаб чиқиш борасида турли стратегияларни илгари суриш учун миллиардлаб евро ажратишга ваъда беришди. Ҳозирги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ишлаб чиқиш жараёнида бўлган 100та вакцинани рўйхатга олган. Бироқ энг катта муаммо вакцинани ишлаб чиқишда эмас, сайёрамизда 7,6 млрд киши мавжудлиги ва вакцина уларнинг ҳар бирига зарурлигидадир. Бу ҳолатда қанча доза вакцина керак бўлиши аниқ эмас. Бир марта эмлашнинг ўзи етарли бўладими ёки уни ҳар йили такрорлаш талаб этиладими? Биз мазкур вакциналарнинг ишлаб чиқарилиш жараёни қандай бўлишини билмаймиз. Айтиш жоизки, айримларнинг ишлаб чиқариш жараёни содда бўлса, бошқалари жиддий ёндашувларни талаб қилиши мумкин.

Мавзуга оид