Жамият | 16:12 / 26.05.2020
2271
2 дақиқада ўқилади

МИБ ходимига туҳмат қилган фуқаро жазоланди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин.

Фото: Мажбурий ижро бюроси

Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланилиши белгиланган.

Ж. К. Норин туманида туғилган. Эндигина 31 ёшни қарши олган бу йигит МИБнинг Мингбулоқ тумани давлат ижрочиси ва яна 3 нафар фуқарога қилган туҳмати учун тегишли жазосини олди. 

Аниқланишича, Ж. К. МИБ Норин туман бўлимининг 25.08.2017 йил ва 12.03.2018 йилдаги “Ҳаққулобод қурилиш савдо комплекс” МЧЖнинг мол-мулкни электрон-онлайн аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топишга эришганини билдириб, видеолавҳа тайёрлаб ижтимоий тармоғига чиқариб юборади. 

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирувларда фуқаро Ж. К.нинг бу ҳаракати ёлғон, бошқа шахсларни шарманда қилувчи уйдирмалиги маълум бўлди. 

Ўз ўрнида давлат ижрочисига нисбатан Бюронинг Наманган вилоят бошқармаси Ички хавфсизлик шўъбаси томонидан хизмат текшируви тайинланди. Текширув якунларига кўра давлат ижрочисининг ножўя ҳатти-ҳаракат содир этмаганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Касб одобномаси” талабларини бузмаганлиги аён бўлди.

Наманган туман маъмурий суди томонидан олиб борилган ҳаракатлар давомида фуқаро Ж. К.нинг била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлиги ўз исботини топди. Унга нисбатан маъмурий суднинг қарори эълон қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрсидаги Кодекснинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Мавзуга оид