Ўзбекистон | 22:26 / 26.05.2020
18327
2 дақиқада ўқилади

Стационар карантиндаги фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 700 сўм сарфланмоқда — ССВ

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида стационар шароитда тиббий кузатувда бўлган ҳар бир фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 700 сўм сарфланмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳромжон Эгамбердиевга иқтибос келтирган ҳолда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Қуйи Чирчиқ туманидаги карантин ҳудуди / Фото: Қурилиш вазирлиги

Таъкидланишича, стационар ва уй карантинига олиш тадбирлари бошланган илк кунлардан айни пайтга қадар жами 394 181 фуқаро карантинга олинган. Ҳозиргача улардан 348 292 нафари карантиндан чиқарилган.

Шундан, уй карантинига олинган 305 044 фуқародан 280 мингдан ортиғи, стационар карантинга олинган 89 137 фуқародан эса 68 286 нафари чиқарилган.

Таъкидланишича, карантин муассасаларига жойлаштирилаётган фуқаролар шахсий гигиеник ва бир марталик воситалар билан таъминланиб, мунтазам тиббий кузатувга олинган.

«Стационар карантинга олишдан тортиб, карантин муддати тугагач, фуқароларни ўз уйларига етказиб қўйишгача бўлган барча харажатлар давлат бюджетидан тўлиқ қопланмоқда», – дейди Баҳромжон Эгамбердиев.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов карантинга сақланаётганлар ва коронавирусга чалинганлар билан боғлиқ харажатларни айтиб ўтганди.

Унга кўра, карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантинда даврида 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан сарфланмоқда.

Covid-19`дан даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан, жонлантириш бўлимига ётқизилган оғир аҳволдаги ҳар бир бемор учун эса ўртача 64 миллион сўмдан сарфланмоқда.

Мавзуга оид