Ўзбекистон | 16:14 / 28.05.2020
40875
3 дақиқада ўқилади

Избоскандаги касалланиш ҳолати бўйича маълумот берилди. Хориждан келган ҳайдовчилар Тошкентдан Андижонга кетиб қолган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги 100га яқин киши карантинга олинишига сабаб бўлгани ҳақида маълумот берди. Маълум қилинишича, хориждан келиб Тошкент вилоятида коронавирусга тест топширган икки андижонлик ҳайдовчи ўз уйига кетиб қолган.

«Шу йилнинг 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган. Шу куннинг ўзида ўрнатилган тартиб бўйича постдаги СЭОМ ходимлари томонидан ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ.да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган. 

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган», дейилади вазирлик маълумотида. 

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчи ҳам ўз уйидан топилган.

Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. 

Эпидемиологик суриштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р. ва Б.Қ. билан мулоқотда бўлган барча 100 нафарга яқин фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

«Ачинарлиси, ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, қўшнилари ва бошқа кўплаб инсонларнинг коронавирусда гумонланиб карантинга олинишига, уларнинг соғлиги хавф остига қўйилишига сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор барча уй карантини қоидаларига қатъий амал қилишини, жамоат жойларида бўлганда ёки коронавирус инфекцияси аломатларини ўзида сезганда дарҳол ўзини яккалаб, шифокорга мурожаат қилишини сўрайди. 

Шунингдек, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, сабабсиз кўчага чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишларини тавсия қилади. Бу ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун жуда муҳим», дейилади вазирлик огоҳлантиришида.

Бундан аввалроқ Андижонда янги касалланиш ҳолати аниқлангани ва ўнлаб кишилар карантинга олингани ҳақида хабар тарқалганди.

Мавзуга оид