Жаҳон | 17:39 / 29.05.2020
7799
3 дақиқада ўқилади

Twitter Трампнинг Миннеаполисдаги тартибсизликлар ҳақидаги ёзувини ижтимоий тармоқ қоидаларига зид деб топди

Аввалроқ Twitter Трампнинг хабарини “фейк хабар” сифатида белгилаганидан сўнг АҚШ президенти бундан қаттиқ норози бўлганди. 

Фото: Doug Mills–The New York Times/Bloomberg/Getty Images

Twitter компанияси АҚШ президенти Дональд Трампнинг Миннеаполисдаги тартибсизликлар тўғрисида қолдирган постида зўравонликни олқишлаш бор деб топди.

Трампнинг бу твити ижтимоий тармоқ қоидаларини бузувчи пост сифатида баҳоланди, аммо Twitter ушбу ёзув жамоатчиликда қизиқиш уйғотиши мумкин деб ҳисоблаб уни ўчирмади.

"Бу палидлар Жорж Флойднинг хотирасини оёқости қилмоқда ва мен бунга йўл қўймайман. Ҳозиргина губернатор Тим Вальц билан гаплашдим ва ҳарбийлар у билан бирга бўлишини айтдим. Биз қийинчилик пайдо бўлса, назоратни ушлаймиз, аммо талончилик бошланса ўт очиш ҳам бошланади", - деб ёзганди Трамп.

Компания  Трампнинг “талончилик бошланса ўт очиш ҳам бошланади” дея келтирган иқтибосини зўравонликни  олқишлаш деб топди. Бу ибора АҚШда 1967 йилда ирқий тенгсизликка қарши исёнлар бўлиб ўтган вақтда Майами полициясига раҳбарлик қилган Уолтер Хедлига тегишли.

Миннеаполис шаҳрида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида полициячи уни ўлдириб қўйди. Флойднинг ўлими хабарига жавобан Миннеаполисда полиция зўравонлиги ва ирқий тенгсизликка қарши намойишлар бошланиб кетди. Шаҳарда тартибсизликлар, талончилик ва биноларга ўт қўйишлар юз берди. Миннеаполис марказида бир неча йирик ёнғин рўй берди, кўплаб дўконлар тўлиқ ёниб кетди. 

Дональд Трамп бугун ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Twitter, Facebook ва Google Трампнинг бу фармонини интернет эркинлигига таҳдид деб баҳолади.

Аввалроқ Twitter Трампнинг хабарини “фейк хабар” сифатида белгилаганидан сўнг АҚШ президенти бундан қаттиқ норози бўлганди

Мавзуга оид