2026 йил 24 январ куни АҚШ федерал иммиграция хизматлари (ICE ҳамда чегара патрули) ходимлари Миннеаполисда бир кишини отиб ташлади. Ўлдирилган шахс маҳаллий фуқаро, 37 ёшли Алекс Претти бўлиб чиқди. У фахрийлар учун шифохонанинг интенсив терапия бўлимида медбрат бўлиб ишлаган. АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги расмий баёнотида айтилишича, Претти федерал агентларга тўппонча билан таҳдид қилган ва «ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини ёппасига ўлдирмоқчи» бўлган. Ўлдирилган шахснинг ёнида чиндан ҳам қурол бор эди, аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва журналистлар воқеа акс этган видеоёзувларни ўрганган ҳолда можаро вақтида унинг қўлида фақат телефон бўлганини айтишмоқда.

Воқеа қандай кечган?

2026 йил 24 январ куни, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:05 да Миннесота штати Миннеаполис шаҳри жанубидаги Николет-авеню атрофида АҚШ федерал иммиграция хизматлари ходимлари бир кишини отиб ташлади.

АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги томонидан X ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотда айтилишича, «зўравонлик ҳолати учун қидирувда бўлган ноқонуний иммигрант»ни қўлга олиш бўйича амалиёт чоғида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари олдига ўқотар қуролга эга бўлган шахс яқинлашган. Уни қуролсизлантиришга ҳаракат қилишгани, аммо у «қаттиқ қаршилик кўрсатгани», агентлардан бири «ўзини мудофаа қилиш» мақсадида унга қарата бир неча бор ўқ узгач, ушбу шахс воқеа жойида вафот этгани маълум қилинган.

Ички хавфсизлик вазирлиги ижтимоий тармоқларда Алекс Преттига тегишли бўлган ўқотар қурол суратини эълон қилди.
US Department of Homeland Security

Ушбу твитга ўлдирилган шахснинг ёнидан чиққан тўппонча фотоси илова қилинган. Шунингдек, ушбу шахс гўёки агентларга зарар етказиш мақсадида бўлгани қай этилган.

«Шунингдек, гумонланувчининг ёнида иккита ўқ-дори магазини бўлган ва унинг шахсий гувоҳномаси бўлмаган – афтидан, бу одам максимал даражада зарар етказмоқчи ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ёппасига ўлдирмоқчи бўлган», – дейилади баёнотда.

Кейинроқ Миннеаполис полицияси бошлиғи Брайан ОʼҲара ўлдирилган шахс – маҳаллий аҳоли вакили, 37 ёшли Алекс Претти бўлганини маълум қилди. У ушбу шахс «қуролнинг қонуний эгаси» экани ва уни олиб юриш учун рухсатномаси борлигини тасдиқлаган.

Алекс Преттининг фотосурати. Сурат қачон олингани номаълум