АҚШда Миннеаполис шаҳрида ICE (Иммиграция ва божхона хизмати) операцияси вақтида отишма оқибатида яна бир америкалик ҳалок бўлганидан кейин норозилик намойишлари кенгаймоқда. 25 январ, якшанба куни Миннеаполисда 37 ёшли тиббий ҳамшира Алекс Преттини хотирлаш учун мотам акцияси ўтказилди. У бир кун аввал федерал агентлар операцияси давомида ҳалок бўлган.

АҚШ ҳокимияти отишма “ўзини ҳимоя қилиш” мақсадида бўлганини айтди, аммо эълон қилинган видеолавҳалар бу версияга шубҳа уйғотмоқда.

Шу орада Конгрессдаги демократлар Оқ уйга босимни кучайтириш мақсадида ICE учун ажратиладиган бюджет маблағларини тўсиб қўйиш ниятида. Республикачилар эса, ўз навбатида, демократларни кескинликни авж олдиришда айбламоқда.

Демократик партия ICE'ни молиялаштириш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ички хавфсизлик вазирлиги учун ажратмалар пакети доирасида тўсиб қўймоқчи. Агар Конгрессда келишувга эришилмаса, АҚШ жума куниёқ янги қисман шатдаунга дуч келиши мумкин — чунки шу куни вақтинчалик бюджетнинг амал қилиш муддати тугайди.

Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер партияси харажатлар лойиҳасига оқилона ўзгартишлар киритишга уринганини, аммо республикачилар Трампдан узоқлашишни истамагани учун демократлар қарши овоз беришини билдирди. “Миннесотада бўлаётган ҳодисалар — жуда қўрқинчли”, — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Бюджет пакети қабул қилиниши учун Сенатда 53 та овозга эга республикачиларга камида 60 та овоз керак бўлади, бу эса уларни демократлар қўлловига боғлиқ қилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Преттининг ҳалок бўлиши учун масъулиятни демократлар зиммасига юклади ва штат ҳамда шаҳар ҳокимиятларидан федерал ҳукумат билан ҳамкорлик қилишни талаб қилди. Хусусан, у Миннесота губернатори Тим Уолцни турмаларда сақланаётган барча ноқонуний муҳожирларни зудлик билан депортация қилиш учун федерал агентликларга топширишга чақирди.

“Америка шаҳарлари фақат қонунга бўйсунувчи АҚШ фуқаролари учун хавфсиз макон бўлиши керак”, — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида, демократларни қонунийликни емириш ва бетартибликни қўзғатишда айблаб.

Трамп The Wall Street Journal (WSJ) газетасига берган интервюсида маъмурияти отишма ҳолатининг барча жиҳатларини текшираётганини айтди. У Оқ уй барча тафсилотларни ўрганаётганини, текширув якунлангач якуний қарор қабул қилинишини билдирди. Шунингдек, Трамп Миннеаполисдан федерал агентларнинг бир қисмини олиб чиқиш эҳтимолини ҳам айтган.