“МДҲ бўйича энг кам маҳкум Ўзбекистонда, бироқ маълумотлар очиқ бўлмагани учун халқаро рейтингларга кирмаганмиз” – Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар 100 минг нафар кишига маҳкумлар сони 100 нафарга ҳам етмайди (94-95 нафар), бу – МДҲ давлатлари орасида маҳкумлар сони бўйича энг паст кўрсаткич. Бироқ буни очиқ эълон қилмаганимиз учун кўпгина халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни рейтингларга киритмаган. У бу ҳақда 29 май куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Аслида Ўзбекистон собиқ Иттифоқ ва МДҲ давлатлари орасида маҳкумлар сони бўйича энг паст кўрсаткичда турган давлат. Бу ҳар 100 минг фуқаро сонига нисбатан ҳисобланади. Бизда ҳар 100 минг нафар кишига 100 нафарга ҳам етмайдиган (94-95 нафар) маҳкумлар сони тўғри келади. Бироқ буни очиқ эълон қилмаганимиз учун кўпгина халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни рейтингларга кирита олмасди ва нотўғри таассуротлар пайдо бўларди.
Ҳибсхоналар сони ва уларнинг жойлашуви ҳам очиқ маълумот сирасига киритилмоқда. Бу ҳам халқаро тажрибада очиқ маълумот саналади. Энди Ўзбекистонда ҳам бу каби маълумотлар, шунингдек, маҳкумлар орасида кузатиладиган ўлим ҳолатлари ҳаммаси очиқ маълумот ҳисобланади. Буни эса жуда катта қадам сифатида эътироф этиш керак”, дея Улуғбек Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистонда аҳоли сони 34 млн.ни ташкил этади. Омбудсман таъкидлаганидек, ҳар 100 минг кишига 95 нафар маҳкум тўғри келса, демак, айни пайтда мамлакатда 32300 нафар маҳкум борлиги аён бўлади.
Ўзбекистондаги қамоқхоналар ва маҳбуслар сони очиқланади
Омбудсман 2019 йилда, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари” (Нельсон Мандела қоидалари) таржима қилиниб, жазони ижро этиш муассасаларига тарқатилгани, бунинг натижасида маҳкумлар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила бошлашгани, жазони ижро этиш муассасаларида ҳам уларга бўлган муносабат ўзгарганини билдирди.
Тадбирда қайд этилишича, охирги йиллардан маҳбусларнинг инсон сифатида бир қатор ҳуқуқлари тикланган. Жумладан:
· ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди;
· маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди;
· Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиши сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди;
· Тошкент вилояти Зангиота туманида замонавий, халқаро стандартларга мос равишда янги тергов ҳибсхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди;
· давлат бюджети ҳисобидан 18 та колонияда капитал ҳамда 17 та колонияда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди;
· Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатилди.
· озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
“Охирги вақтда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам катта ислоҳотлар ўтказилмоқда. Бу ислоҳотларнинг ҳаммаси: инсон ҳуқуқлари, унга амал қилиш Ўзбекистон Конституциясида акс этган. Ва конституция ҳамда бошқа нормаларда акс этган қонун-қоидаларга амал қилишимиз зарур. Бу кўп йиллар баҳсларга ҳам сабаб бўлиб келган. Шунинг учун биз охирги йиллар мобайнида Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва нормаларни жой-жойига қўйиш йўлидан кетяпмиз. Қабул қилинаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳам шунга қаратилган.
Жазони ижро этиш тизимида охирги йилларда давлат раҳбари томонидан 11 марта 4 мингдан ортиқ фуқаро учун афв эълон қилиниши ҳам ижобий қадам бўлди. Бундан ташқари, бир нечта қарорлар қабул қилинди: 2019 йилда парламент сайловлари жараёнида биринчи марта маҳбуслар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди. Биз эса уларнинг сайловда қатнашиши жараёнини мониторинг қилиш имконига эга бўлдик.
Ўтган йил амалга оширилган яна бир янгилик маҳкумларнинг пенсия таъминотига эга бўлиши билан боғлиқ. Олдин ҳам бу масала кўтарилган, халқаро тажрибада ҳам мавжуд бўлса-да, бизда амалиётга жорий этилмаган эди”, дейди Улуғбек Муҳаммадиев.
«Ўзбекистонда қийноқлар олдиндан бор, фақат ҳукумат буни тан олмасди» – Омбудсман
Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита тузилиши режалаштирилмоқда
Қийноққа солинган шахсларга етказилган зарар қопланади – Светлана Ортиқова
Мавзуга оид
17:32 / 05.03.2024
Баҳромжон Ҳайдаровнинг ўлим ҳолати Омбудсман томонидан ўрганилди
18:50 / 07.02.2024
“Бу инсон ҳуқуқларига зид” – Омбудсман Навоийдаги “Шарманда доскаси” бўйича муносабат билдирди
23:42 / 29.01.2024
Сурхондарёдаги мактаб-интернатда ўқувчилар заҳарланиши ортидан жиноят иши очилди
12:51 / 11.01.2024