Ўзбекистон | 21:46 / 30.05.2020
35097
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида 5та касаллик ўчоғи бор. Нега фақат бир ҳудуд «қизил»га киритилди?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Навоий вилоятида коронавирус касаллиги бешта ўчоқ орқали тарқалган: биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинча ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган. Бироқ бу ҳудудларнинг барчаси ҳам «қизил» ҳудудлар сифатида белгиланмади.

Бугун, 30 май куни Республика махсус комиссияси томонидан туманлар ва шаҳарлар бўйича «қизил», «сариқ», «яшил» ҳудудлар рўйхати эълон қилинди.

Рўйхатда Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри «қизил», Хатирчи ва Конимех туманлари «сариқ», Навоий шаҳри ва қолган барча туманлар эса «яшил» ҳудуд сифатида тоифаланган.  Шу жумладан, Томди тумани ҳам хавфсиз ҳудуд сифатида белгиланган.

Ваҳоланки, куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Навоий вилоятида ҳозиргача 5та коронавирус ўчоғи аниқлангани ва шунинг учун вилоятга пойтахтдан махсус гуруҳ юборилаётгани, карантин қоидалари кучайтирилиши ҳақида маълум қилинган эди.

«Навоий вилоятида 29 май ҳолатига кўра, 119 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 12 нафари соғайган бўлса, қолган 107 нафар беморга шифокорларимиз томонидан самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоятда касаллик, асосан, бешта ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин: биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинча ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган», дея маълум қилганди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Зарафшон шаҳри «қизил» тоифага киритилган. Бироқ вирус ўчоғи аниқланган Хатирчи ва Конимех туманлари «сариқ», Томди эса «яшил» ҳудудда қолдирилган.

Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати бу борада муносабат билдирди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабов ҳудудларнинг хавфлилик даражасига кўра тоифаланаши фақат Республика махсус комиссияси томонидан амалга оширилишини таъкидлади.

«Ҳудудлар фақат махсус комиссия томонидан тоифаланади. Бироқ Навоий вилоятида сўнгги 4 кунда коронавирус билан зарарланганлар аниқланмади. Шу пайтга қадар касаллик аниқланганлар эса махсус шароитда даволанмоқда.

Куни кеча вилоят Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ҳам ўтказилди. Вазият тўлиқ назоратга олинган», дея  қайд этди Дилшод Мамаражабов.

Бундан олдинроқ Бухоро вилоятидаги «касаллик ўчоғи» Шофиркон тумани ҳамда Андижон вилоятида сўнгги ҳафтада 2та касаллик ҳолати қайд этилган Избоскан тумани ҳам «қизил» ҳудудга киритилмагани, аксинча «яшил» тоифадаги туманлар қаторида қолдирилгани савол остига олинганди.

Шунингдек, Наманган вилоятида Тўрақўрғон туманида ҳам сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари аниқланган. Республика махсус комиссияси Тўрақўрғонни «яшил» ҳудуд сифатида белгилаган, вилоят ҳокимлиги эса туманни «қизил» ҳудуд сифатида белгилаган.

Мавзуга оид