Ўзбекистон | 12:28 / 31.05.2020
65863
2 дақиқада ўқилади

Китоб тумани ҳудуди карантинга олинди

Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳудудида кириш-чиқиш тақиқланди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳудуд карантинга ёпилгани тўғрисида маълум қилган.

Китоб туманида карантин эҳтиёт чоралари вақтинча кучайтирилди. Бу билан туман аҳолисининг касалликка чалиниш хавфидан кўпроқ ҳимоя қилиш назарга тутилган.

Айни пайтда туман марказига кириш-чиқиш йўллари ҳамда умумий вазият раҳбарият томонидан тўлиқ назоратга олинган. 

«Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик  бўйича  гумонланиш ҳолати қайд этилгани, гумонланувчи кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлганлиги муносабати билан эҳтиёт чораси сифатида туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилди. Гумонланиш ўз тасдиғини топгунга қадар карантин талаблари кескин кучайтирилиб, кириш-чиқиш йўллари тўсилди. Автотранспорт ва пиёда  ҳаракатланиш қатъий назоратга олинди.

Барча фуқаролардан карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ҳамда уйда қолиш талаб этилади», дейилади туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг огоҳлантиришларига қарамасдан мақсадсиз кўчада юриш ҳолатлар кўп кузатилаётганини қайд этган.

Маълумот учун, Қашқадарё вилояти 1 май куни коронавирусдан холи ҳудудга айланганди.

Cанитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги 30 май куни эълон қилган маълумотда Китоб тумани ҳам вилоятдаги бошқа барча туманлар каби «яшил» ҳудуд сифатида кўрсатилган.

Мавзуга оид