Жаҳон | 01:15 / 01.06.2020
5197
2 дақиқада ўқилади

Абу-Даби ҳукумати амирликнинг йирик шаҳарлари бўйлаб ҳаракатни тақиқлади — ОАВ

Фото: Reuters

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби амирлиги ҳукумати аҳоли учун асосий шаҳарлар оралиғида ҳаракатланишига бир ҳафта муддатга тақиқ жорий этди. Бу ҳақда якшанба куни Al Arabiya телеканали хабар тарқатди.

ТВ канал берган ахборотга кўра, сешанбадан бошлаб аҳолига амирликнинг йирик шаҳарлари Абу-Даби, Ал-Айн ва Аз-Зафра оралиғида ҳаракатланиши тақиқланади. Бундан ташқари, кўрсатиб ўтилган даврда амирлик пойтахти Аб-Дабидан чиқишга ҳам рухсат этилмайди.

Бундай қарор Абу-Даби билан чегарадош амирликларда коронавирус билан боғлиқ чекловларнинг жиддий қисқартирилиши тенденцияси фонида қабул қилинмоқда.

Масалан, Дубай амирлиги ҳукумати 31 майдан бошлаб давлат идоралари ходимларининг ярмига иш жойларига қайтишга рухсат берди, 14 июндан бошлаб эса давлат хизматларининг барча ходимлари офисларига қайтиши мумкин. Май ойининг ўрталаридан бошлаб Дубайда отеллар қошидаги пляжлар очилган, аҳолига кичик гуруҳ бўлиб шаҳарда сайр қилиш ва спорт билан шуғулланиш имкони қайтарилди. 27 майдан Дубайда кинотеатрлар ва спорт марказлари иши тикланган, шунингдек, эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда бошқа бизнес турларига ҳам эрталаб 6:00дан тунги 23:00 гача фаолият кўрсатишга изн берилган.

БАА соғлиқни сақлаш ва профилактика қилиш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлик билан боғлиқ 31 мингдан зиёд ҳолат қайд этилган, беморларнинг 18 мингдан ортиғи тузалган, 264 киши вафот этган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид