Ўзбекистон | 14:15 / 02.06.2020
3732
2 дақиқада ўқилади

Миллий комиссия: 2019 йилда одам савдосига оид жиноятлар 22 фоизга камайган

Фото: ТАСС

2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ 94 та жиноят қайд этилиб, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайди. Содир этилган жиноятлар бўйича 137 нафар уюшган жиноий гуруҳ аъзоси жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ахборотида маълум қилинди.

Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида 2 779 та ташкилот, корхона, муассасалар ўрганилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйган 259 нафар ҳамда иш ҳақини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилган.

Республика реабилитация марказида жами 220 нафар одам савдоси жабрдийдаларига тиббий, психологик ва ҳуқуқий хизмат кўрсатилиб, уларнинг 113 нафари ишга жойлаштирилди. Одам савдоси жабрдийдаси бўлган 40 нафар шахсга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами берилиб, уларнинг Ўзбекистонга қайтишига амалий ёрдам кўрсатилди. 3 938 нафар фуқаро чет элда иш билан таъминланди, 235 135 нафарига маслаҳат хизмати ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Меҳнат мигрантларининг жами 529 874 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ундириб берилди. 

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2019 йилда пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг ўтказилди. Мониторинг натижасига кўра, Ўзбекистонда пахтачиликда тизимли равишда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам берилганлиги маълум бўлди.

Мавзуга оид