Ўзбекистон | 21:52 / 03.06.2020
6199
3 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистонда туризмнинг тикланиши уч босқичда амалга оширилади

Ўзбекистонда 63 фоиз туроператорлар ва 81 фоиз меҳмонхоналар ва ҳостеллар ўз фаолиятини тўхтатган, биринчи босқич ички туризм орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклашга бағишланади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Бош вазир ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси ташаббуси ҳамда Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида ўтган “Тикланиш йўли” халқаро онлайн туризм конференциясида Ўзбекистонда туризмнинг тикланиши уч босқичда амалга оширилишини билдирди.

“Биринчи босқичда 2020 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистоннинг “яшил” ва “сариқ” тоифали карантин зоналарида ички туризм қайта тикланади”, - деди А.Абдуҳакимов.

Шу санадан эътиборан кўрсатилган зоналарда тегишли ташкилотлар – туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият, маданий мерос объектлари санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда иш бошлаши мумкин.

Ўзбекистонда 63 фоиз туроператорлар ва 81 фоиз жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, ҳостеллар) ўз фаолиятини тўхтатган, биринчи босқич ички туризм орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклашга бағишланади. Шунингдек, халқаро туризмни тиклашга максимал тайёр бўлиш учун ушбу босқичда «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» хавфсизлик тизими жорий қилинади.

Иккинчи босқич қўшни мамлакатлар ва МДҲ давлатлари билан ташкиллаштирилган ҳудудий туризмни қайта тиклашдан иборат бўлади.

Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, бунда туристик гуруҳларнинг бутун саёҳат давомида хавфсизлик, санитар-гигиеник талаблар ва ижтимоий масофа чораларига риоя қилиш масалаларини ишлаб чиқиш жуда муҳим, оператив реакция билдирувчи қўшма гуруҳни тузиш ҳам мақсадга мувофиқ.

“Шунингдек, биз бу ишни ҳудудлар бўйича ҳамкасбларимизга турли тематикадаги янги аралаш турларни ишлаб чиқиш билан ҳам уйғунлаштиришни таклиф этамиз: гастрономик турлар, витамин турлари, кўчманчилар турлари, мототурлар, палов турлари, археологик ҳамда сизу бизнинг туристик шаҳар ва марказларимиздан ўтувчи бошқа турлар.

Бундан ташқари, биз махсус «Silk Road Project» платформасини яратдик, унда нафақат Ипак йўли мамлакатлари туристик салоҳияти, балки истиқболли минтақавий турмаҳсулотлар ва маршрутлар ҳам тарғиб қилинади.

Учинчи босқичда Ўзбекистон секин-асталик билан ташқи туризмни тиклайди, бунда пандемия билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, фуқароларига мамлакатимизга кириш рухсат этиладиган узоқ хорижий давлатлар рўйхати тузилади”, – деди соҳа бўйича келажакдаги режаларни билдирган қўмита раиси.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид