Ўзбекистон | 21:45 / 03.06.2020
45701
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Барча чораларни кўрган ҳолда, буюм бозорлари фаолиятига ҳам рухсат бера бошлаймиз»

Президент Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида босқичма-босқич ташқи туризм ва буюм бозорлари фаолиятига ҳам рухсат берила бошланишини маълум қилди.

«1 июндан бошлаб ички туризм ривожланишига эътибор бердик. Шу билан бирга, ташқи туризмни ҳам, қаерда бизни қабул қилишга тайёр бўлса, биз ҳам тайёр бўламиз, дарров самолётларимизни учирамиз. Мана, Туркия билан ҳам гаплашяпмиз, улар ташқи туризмни очгач, биз ҳам очамиз.

Шу билан бирга, одамлар менга жуда кўп хатлар ёзяпти, буюм бозорларни ҳам очиш бўйича. Шунинг учун ҳамма чораларни кўриб, буюм бозорларга ҳам рухсат беришни бошлаймиз.

Алоҳида режа қилиб, Миллий гвардия, ички ишлар ва мутасадди раҳбарлар билан биргаликда буюм бозорларни ҳам... Дарров ҳаммасини очмасдан, енгиллаштириш чораларини кўриб чиқиш керак. Лекин биз албатта карантинга жуда катта эътибор қаратамиз», – деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари шу шароитда ишлаш ва яшашга ўрганиш зарурлигини қайд этди.

«Бошқа йўлимиз йўқ. Иш услубимиз шундай бўлиши керак. 50 фоиз карантин, 50 фоиз иқтисодиёт», – таъкидлади президент.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан бошлаб  «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда ички туризм ва спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолиятига рухсат берилди.

Мавзуга оид