21:29 / 03.06.2020
12616

Урганч шаҳрида халқаро университет филиалини очиш бўйича келишув имзоланди

Урганч шаҳрида Малайзиянинг Binary менежмент ва тадбиркорлик университети филиали очилади. У Хоразм вилоятидаги илк хорижий таълим даргоҳи бўлади.

3 июнь куни Олий таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Малайзиянинг Binary менежмент ва тадбиркорлик университети раҳбарияти томонидан Урганч шаҳрида Binary менежмент ва тадбиркорлик университети филиалини очиш бўйича уч томонлама келишув онлайн тарзда имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида шу ҳақда топшириқ берган эди.

Малайзиянинг Binary менежмент ва тадбиркорлик университети 1984 йилда ташкил қилинган бўлиб, ахборот технологиялари, менежмент, тадбиркорлик соҳасидаги хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университет талабаларга қишлоқ ҳўжалиги, туризм, ахборот технологиялари, молиявий хизматлар соҳалари бўйича амалий тадбиркорлик дастурларини таклиф қилади. Айни пайтда университетда Малайзия ҳукумати ва ЮНЕСКО грантлари асосида 60дан ортиқ мамлакатлардан талабалар таълим олмоқда.

Урганч шаҳрида ташкил қилинаётган Binary менежмент ва тадбиркорлик университети филиалида биринчи ўқув йилида 240 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Ўқув даргоҳини собиқ «Урганч ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи» биносида жойлаштирилиши белгиланган.

Бинони таъмирлаш Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилиши ҳамда уни электрон кутубхона, ўқув асбоб-ускуналари ва жиҳозлар билан таъминлашга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилиши кўзда тутилган.

Нурмуҳаммад Саид

Top