Жамият | 19:43 / 04.06.2020
4396
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгеодезкадастр»: Сардоба тошқини оқибатида 1640та уй тўлиқ бузилган

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси «Сардоба» сув омборида рўй берган фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишда тизимда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.

Қўмита ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратов АОКАда ўтказилган брифингда берган маълумотларга кўра, ҳудудий ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутахассислари томонидан сув босган ҳудудлардаги турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилган.

Натижада, 10та маҳалла фуқаролар йиғинининг 22та аҳоли пунктида кадастр баҳоси 254 миллиард 652 миллион сўмни ташкил этадиган жами 5 минг 388та турар жой ва кадастр баҳоси 14 миллиард 584 миллион сўмни ташкил этадиган жами 133та нотурар жой объектлари зарарлангани аниқланди.

Шулардан:

  • 1691таси якка тартибдаги уй жой;
  • 2038таси бетон-панелли турар жойлар;
  • 1014таси кўп қаватли хонадон;
  • 147таси Намунавий лойиҳадаги уйлар;
  • 455таси қурилиши тугалланмаган уй жой ва бўш ер участкалари бўлган.

Тўлиқ бузилган уйлар сони 1640тани, таъмирталаб уйлар сони эса 3003тани ташкил этади.

Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туман Ермулккадастр филиаллари томонидан сув тошқинидан зарар кўрган уйларнинг 3 709та кадастр ҳужжатлари дубликатлари 2 кун ичида бепул тайёрлаб берилган.

108та фермер ва қишлоқ хўжалик корхоналарининг 16 525 гектар ерлари зарарланган.

Жумладан:

  • 9704 гектар чигит;
  • 6821 гектар ғалла;
  • 231 гектар сабзавот;
  • 1095 гектар полиз;
  • 14 гектар картошка;
  • 154 гектар боғ ва 83 гектар боғ ораларига экилган сабзавот экинлари сув остида қолиб яроқсиз ҳолатга келган.

Талафотдан зарар кўрган фуқароларнинг турар жой билан таъминлаш мақсадида янги 66та кўп қаватли уй қуриладиган Дўстлик, Навбаҳор ва Хақиқат массивларидаги ер майдонларига аниқлик киритилган ва танланган.

Мазкур 66та кўп қаватли уйлар 2 640та хонадондан иборат бўлиб, ушбу хонадонларнинг кадастр ҳужжатлари «Давергеодезкадастр» қўмитаси томонидан ҳомийлик ҳисобида тайёрлаб фуқароларга берилиши режалаштирилмоқда. 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид