Ўзбекистон | 13:00 / 04.06.2020
4204
3 дақиқада ўқилади

Қўшиб юбориш, қўшиб олишга ва акцияларни, улушларни олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш осонлашди

Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентлари тасдиқланди.

Уларда монополияга қарши курашиш органидан қуйидаги битимларга олдиндан розилик олиш тартиби баён этилган:

хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 17-м.);

хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 16-м.).
 
Қўшиб юбориш ва қўшиб олиш – юридик шахсларни қайта ташкил этиш шакллари. Биринчи ҳолатда янги юридик шахс юзага келиб, қайта ташкил этилаётганларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унга ўтади. Иккинчисида – бир юридик шахс ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқасига берган ҳолда унга қўшилиб олади. Иккала ҳолатда топшириш далолатномаси расмийлаштирилади.
 
Norma’нинг ёзишича, хизматлардан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар сўровнома тўлдириб, уни давлат хизматлари марказига ёки my.gov.uz орқали электрон шаклда тақдим этишлари зарур. Сўровномага қуйидагилар илова қилинади: 

мурожаат қилинган санадан олдинги икки йил мобайнида амалга оширилган фаолият турлари, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (кўрсатилган хизматлар), реализация қилинган ҳажмлар тўғрисида маълумотлар;

ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботи;

акциялар, улушлар эгалари тўғрисида ахборот ва б.
 
Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этганда 10 БҲМ (2 230 000 сўм) тўлаш зарур. ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат этганда 10 фоиз чегирма берилади (2 007 000 сўм тўланади).
 
Сўнгра сўровнома Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларига юборилади. Ҳар бир босқичда мурожаатнинг кўриб чиқилишини ЯИДХП орқали кузатиб бориш мумкин бўлади.
 
Зарур ахборот тизимлари ишлаб чиқилади, жорий этилади ва интеграция қилинади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат хизматлари агентлиги тегишли техник топшириқ тайёрлаб, Ахборот коммуникациялари вазирлигига 20 кун ичида тақдим этадилар.
 
Ҳужжат 29.05.2020 йилдан кучга кирган.

Мавзуга оид