Жамият | 22:53 / 10.06.2020
16814
3 дақиқада ўқилади

Кореядан таътилга келиб, ортга қайтишда муаммога учраган фуқаролардан 31 нафари ишига жўнаб кетди

Корея Республикасида ишловчи, меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар иш жойига қайтиб кета олмаяпти.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан хабар беришларича, 10 июнь куни шундай фуқаролардан 31 нафари чартер рейс орқали Кореядаги ўз ишига жойига жўнаб кетган.

Агентлик бу борада Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан музокаралар олиб борган.

Музокараларда фуқароларнинг Кореяга кириб бориши учун бир нечта қатъий талаблар қўйилган.

  • Хусусан, фуқаролар Кореяда ўзи ёки иш берувчиси ҳисобидан 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимини тузиши, Ўзбекистонда белгиланган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

«Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан фуқаронинг розилик битимида кўрсатилган ўзини-ўзи яккалаш жойи ўрганилади. Ўрганиш натижасига кўра, фуқаролар томонидан ўзини-ўзи яккалаш жойи карантин қоидаларига тўғри келган тақдирда, уларга Корея Республикасига кириш учун рухсат берилади.

Шу билан бирга, Корея Республикасидаги эпидемиологик вазият туфайли ишчи визасига эга фуқароларнинг мамлакатга кириб боришида чекловлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир чартер рейсда йўловчилар сони 60 нафардан ошмаслиги белгиланган», – дейилади пресс-релизда.

Қайд этилишича, фуқароларнинг Корея Республикасида карантинда бўлиши бўйича тақдим этган маълумотлари Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўрганилганда, уларнинг айримлари ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ўзини-ўзи яккалаш жойи белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, иш жойига қайтиш ва ўзини-ўзи яккалаш масалалари иш берувчилар билан келишилмагани ёки миграция қонунчилигини бузгани сабабли баъзи фуқароларга мамлакатга кириб боришга рад жавоби берилган.

«Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фуқароларнинг карантин ҳудудида бўлиш харажатлари давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Жанубий Кореяда эса бу харажатлар фуқаро ёки унинг иш берувчилари ҳисобидан амалга оширилади. Жўнаб кетаётган фуқаролар ушбу шартларга ихтиёрий рози бўлган ва 14 кунлик карантинда бўлиш масалаларини иш берувчилари билан келишган ҳолда ҳал этган.

Бу каби ҳолатлар ўз навбатида бошқа юртдошларимиз учун Корея Республикасида иш ўринларининг чекланиши, қонуний тартибда яхши даромад топиш имкониятидан маҳрум бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан ишончсизликни юзага келтиради ва Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги имижига салбий таъсир этади», – дейилади агентлик ахборотида.

Таъкидланишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тартиблилик, хавфсизлик ва қонунийлик принциплари асосида фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш борасидаги ишларини давом эттиради.

Маълумот учун, шу пайтгача агентлик томонидан 52 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Корея Республикасига ишга жўнатилган. Шундан 14 мингдан ортиғи айни пайтда ушбу мамлакатда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид