Иқтисодиёт | 15:46 / 11.06.2020
4731
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк раиси ўринбосари: «Мавжуд инструментлар ҳар қандай хатарнинг олдини олишга етади»

Бугун, 11 июнь куни Марказий банк томонидан бошқарув йиғилиши якунлари ва унда қабул қилинган қарор юзасидан онлайн брифинг ўтказилди.

Фото: KUN.UZ

Унда Марказий банк раисининг ўринбосари Беҳзод Ҳамроев асосий ставканинг туширилиши ёки ўз миқдорида ушлаб турилишининг валюта курсига таъсири ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Энг муҳим макроиқтисодий кўрсаткич – инфляция пасаядиган бўлса, унинг бошқа кўрсаткичларга таъсири ҳам пасаяди. Биз фоиз ставкаларини нима учун туширишга ҳаракат қиламиз, чунки мамлакатда нархлар барқарорлиги таъминланади. Инфляция пасайиб бораётган бўлса, ўз-ўзидан фоизлар ҳам пасайиши керак. Яъни асосий фоиз ставка пасайиб боради. 

Валюта курси кўпроқ ички ва ташқи омилларга боғлиқ, яъни унинг талаби билан таклифи. Агар бозорда валюта талаби билан таклифи ўртасида номутаносиблик бўлса, курс ўзгариши мумкин. Иккита омил мутаносиб бўлса, курс ўзгармасдан қолиши мумкин. Ички омиллар аввало инфляцияга бориб тақалади. Агар мамлакатда инфляция пасайиб борадиган бўлса, талаб омилларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади ва курсга оширувчи таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Лекин алмашув курси ички омиллардан ташқари ташқи омилларга ҳам боғлиқ: ташқи бозорлар, асосий савдо ҳамкорларимизнинг иқтисодиётида бўлаётган ўзгаришлар. Бу ўзгаришларни олдиндан айтиб баҳолаш имконияти йўқ. 

Бугунги кунда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, макропруденциал сиёсати бўйича мавжуд инструментлари ҳар қандай хатарнинг олдини олишга етади. Агар фоизлар ёки бошқалар бўйича хатар кўрадиган бўлсак, ҳар бир хатарнинг олдини олиб, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга эришамиз”, - деди Беҳзод Ҳамроев.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид