Ўзбекистон | 12:59 / 11.06.2020
2208
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда геном ахбороти маълумотлар базаси яратилади

Геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилади.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Депутатларнинг таъкидлашича, айни пайтда жиноятчилар турли ҳийла-найрангларни қўллаб, содир этилган жиноят изларини қолдирмасликка ҳаракат қилмоқда. Бу эса уларни фош этиш ва очиш жараёнини қийинлаштирмоқда. 

Қайд этилишича, геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши эса фош этиш мураккаб, ўта оғир бўлган ёки муқаддам очилмаган жиноятларни очишга кўмаклашади, шунингдек, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши бедарак йўқолган шахсларни топиш имконини беради.

Қонун лойиҳаси билан геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, геном ахборотини йиғиш, унга ишлов бериш ва ҳимоя қилишнинг асосий талаблари, геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартибини ва биологик материал ва геном ахборотини олиш, қайд этиш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни йўқ қилиб ташлаш тартиби белгиланмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши содир этилган жиноятларни биологик ашёвий далиллар ёрдамида фош этишга кўмаклашиб, суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид