Жамият | 19:23 / 11.06.2020
6530
3 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси қандай ҳолларда инкассо топшириқномаси қўйишга ҳақли?

ДСҚ солиқ тўловчиларга тўлов муддати тугагач, уч кун ичида қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлов топшириқномаларини шакллантириш ва солиқларни электрон шаклда тўлаш имкониятини бермоқда. Бундан ташқари, энди инкассо топшириқномаси қўйишдан олдин, солиқ тўлаш санасидан кейинги кундан кечиктирмай, ДСҚ солиқ тўловчининг шахсий кабинетига солиқ мажбуриятини бажариш зарурлиги тўғрисида талабнома ҳам юборилади.

Ушбу жараён марказлашган ҳолда ташкил этилади, яъни солиқ мажбуриятлари ўз вақтида (3 кун) бажарилмаганда, ДСҚ марказий аппаратидан махсус дастурий маҳсулот орқали банкка автоматик равишда инкассо топшириқномаси юборилади.

Қандай ҳолларда солиқ органи солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига инкассо топшириқномаси қўймайди?

  1. Солиқ кодексида белгиланган тўлов муддати етиб келгунга қадар солиқ тўловчи томонидан банк ҳисобварағига бажарилмаган солиқ мажбурияти бўйича тўлов топшириқномаси тақдим этган бўлса;
  2. Бошқа солиқ тури бўйича ортиқча тўлови солиқ қарздорлигига тенг ёки ундан кам миқдорни ташкил этса, инкассо топшириқномаси қўйилмайди.

Мазкур тизимни ишга туширишдан мақсад нима:

  • биринчидан, солиқларнинг тўлов муддатидан кейинги санадан солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига инкассо топшириқномаси қўйиш орқали ортиқча солиқ суммаси ечиб олинишига чек қўйиш;
  • иккинчидан, солиқ мажбуриятларининг бажарилиши бўйича барча солиқ тўловчиларга бир хил ёндашув принципига амал қилиш;
  • учинчидан, инкассо топшириқномаси қўйишда инсон омили иштирокини бутунлай бартараф этиш орқали ушбу жараён шаффофлигини таъминлаш;
  • тўртинчидан, солиқ тўловчиларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланишининг олдини олиш.

Эслатма, Солиқ кодексининг 115-моддасида, солиқ тўловчи банк ҳисобварағида пул маблағлари бор-йўқлигидан қатъи назар, Солиқ кодексда белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этиши шарт.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддасида солиқ тўловчилар томонидан солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик учун жавобгарлик белгиланган.

Мавзуга оид