Жаҳон | 08:09 / 12.06.2020
9096
2 дақиқада ўқилади

Собиқ ходим жуда зерикарли иш учун компанияни судга бериб, 45 минг доллар ундириб олди

Франциялик Фредерик Деснар Interparfums компаниясидан ўзига ҳаддан ташқари кам иш берилганлиги ва шу фонда унда тушкунлик пайда бўлгани учун 45 минг доллар ундирди, деб ёзади New York Post.

Деснарнинг сўзларига кўра, 2010 йилда у асосий мижозини йўқотган, шундан сўнг унинг вазифалари доираси оддий иш билан чекланган ва бу оз вақт талаб қилган.

«Мен эрталаб соат 9да келаманми ёки 10да келаманми, ҳаммага барибир эди. Мен офис анжомларини сотиб олишим керак эди - бир неча варақ қоғоз - шундан сўнг иш куним тугарди», - деди Деснар судда.

У ўзини «бўш» ҳис қилганини ва «қаттиқ тушкунликдан» азоб чекиб келганини тушунтирди. «Мен ҳеч нарса қилмаганим учун маош олишдан уялдим», - дея қўшимча қилди у. Деснарнинг собиқ ҳамкасби судга у ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини ҳам айтди.

Деснар компанияда ишлаган 4 йилни «жуда ҳам қийин ҳолат», деб атади. Унинг фикрича, стресс ва янги вазифаларнинг етишмаслиги охир-оқибат унда машинани бошқариш пайтида тутқаноқ тутишига олиб келган.

У ишга боришни тўхтатди ва 7 ойдан сўнг, 2014 йил сентябрь ойида узоқ вақт давомида ишга келмаганлигини учун ишдан бўшатилди.

Асабий ҳолат ва тушкунлик учун компенсация олиш мақсадида 2016 йилда Деснар судга мурожаат қилди. Дастлаб француз компаниядан 600 минг доллар талаб қилди, аммо унинг даъвоси қисман қондирилди.

Компания вакилларининг айтишича, раҳбарият Деснарнинг муаммолари ҳақида билмаган - у ҳеч қачон шикоят ёзмаган ва ўзига қўшимча вазифалар беришни сўрамаган. 

Мавзуга оид