“Куни кеча андижонлик фуқаро шаҳар ички ишлар бўлимининг маъмурий биносига олиб кирилганидан икки ҳафта ўтгач, касалхонада вафот этди. Жабрланувчига нисбатан жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан инсон соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган зўравонлик қўлланилган ҳамда ҳибсда ноқонуний ушлаб турилган.
Уч нафар ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки шахс эркинлигини чеклаш) ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Айбланувчилар ҳибсга олинган”, - дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, 2020 йил бошидан буён бу ички ишлар органларида маҳбусларга нисбатан қўлланилган қийноқ ва зўравонлик билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Шу йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Чироқчи туман бўлимида калтакланиш натижасида 32 ёшли эркак вафот этди. Ушбу жиноятларни содир этишда гумонланган Чироқчи туман ички ишлар бўлимининг икки ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди.
Гарчи 2018 йил июль ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон ИИБда содир этилган воқеадан сўнг (тезкор ходим томонидан аёл кишини оммавий таҳқирланиши) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бу каби нохуш ҳодисаларни аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, Ички ишлар органлари сафини «нопок ва тасодифий» ходимлардан тозалашга қаратилган қатъий чоралар кўрилишини маълум қилган эди, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, бу ҳолатлар кўп жиҳатдан ўтган йилнинг декабрь ойида инсон ҳуқуқлари, шу жумладан Ўзбекистондаги вазият бўйича ўз хулосаларни эълон қилган БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг ҳам хавотирланишини тасдиқлайди. Ўзбекистон 160 дан ортиқ давлатлар қаторида БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазога қарши Конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. 2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон бўйича якуний кузатувлар конвенцияни амал қилинишининг ҳам ижобий томонларини, ҳам асосий муаммоларини тавсифлайди.
“Қўмита томонидан бир қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, жумладан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги”ги қонунлар, “Жаслиқ” колониясининг ёпилиши, БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги ҳамда судялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиларнинг республикамизга ташрифлари юқори баҳоланди.














