Жаҳон | 10:58 / 16.06.2020
11100
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик миллиардерни ўз уйидан ўғирлаб кетишмоқчи бўлди

Хитойлик миллиардер, Midea Group компанияси асосчиси Хэ Сянцзянни ўз уйидан ўғирлаб кетишмоқчи бўлди. Бироқ жиноятчиларнинг қабиҳ режаси миллиардер ўғлининг абжир ҳаракатлари эвазига амалга ошмади.

Фото: Twitter/ChinaPropertyFocus

The New York Times нашрининг хабар беришича, жиноятчилар миллиардернинг Фошань шаҳридаги вилласига бостириб кириб, у ердаги барча одамларни гаровга олган. Бироқ миллиардернинг ўғли қочиб кетишга ва полиция чақиртиришга муваффақ бўлган

Миллиардернинг 55 ёшли ўғли, Midea Group директорларидан бири Хэ Цзяньфэн уйдан қочиб чиқиб, уй олдидан оқиб ўтувчи дарёни сузиб ўтган ва воқеа ҳақида полицияга хабар қилган. Тез орада полиция ходимлари тадбиркорни ва унинг оила аъзоларини озод қилишган ва 5 кишини ҳибсга олишган. 

Гумонланувчиларда портловчи қурилмалар бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, улар жиноят вақтида ушбу портловчи қурилмаларни қўллаган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари жиноятни жангари фильм сюжетига қиёслашган.

Midea Group компанияси Sina Weibo’даги саҳифасида полицияга миннатдорлик сўзларини билдирган. “Полицияга, оммавий ахборот воситалари ва жамиятнинг барча қатламларига қилинган ишингиз учун раҳмат”, дейилган хабарда.

Хэ Сянцзян Хитойда маиший техника ишлаб чиқарувчи энг йирик компания Midea Group асосчиси ҳисобланади. Forbes Rich List рўйхатига кўра, унинг бойлиги 25 млрд долларни ташкил қилади. У Хитойдаги 6-рақамли, бутун дунё бўйича эса 36-рақамли энг бой инсон ҳисобланади.

Хэ Сянцзян Midea компаниясини 1968 йилда 26 ёшида ташкил этган. Компания дастлаб бутилкалар учун қопқоқлар ва автомобиллар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарган, ҳозирда эса маиший техника ва кондиционерлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 

Хэ, шунингдек, дунёдаги энг йирик робототехника компанияларидан бири - Германиянинг Kuka компаниясига эгалик қилади.

Мавзуга оид